Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

54 ёшда пенсияга чиқиш мумкинми?

Ботир РАҲИМОВ,

Самарқанд шаҳридан.

 

– "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонуннинг 42-моддасида иш стажини тасдиқлаш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

"Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 55-бандида белгиланишича, иш стажи иш, хизмат, ўқиш ёки иш стажига ҳисобланадиган бошқа фаолият амалга оширилган жойдан, шунингдек, архив муассасаларидан бериладиган ҳужжатлар бўйича белгиланади.

Қонуннинг 37-моддасига мувофиқ, фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади.

"Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 56-бандига мувофиқ, иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти давр­лари суднинг қарори билан белгиланади. Сиз ушбу ҳолатда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.

***

Яқинда 54 ёшга тўлдим, имтиёзли пенсияга чиқиш учун бюджетдан таш­қари пенсия жамғармасининг туман бўлимига ҳужжат топширгандим, рад жавобини беришди. Менинг талабим нотўғрими?

Сайёра ЭРМАТОВА,

Каттақўрғон тумани.

Амалдаги қонунга асосан камида йигирма йиллик иш стажи бўлган аёллар эллик тўрт ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар бўйича фуқаро иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлган вақти, меҳнатга лаёқатсизлик таътилида бўлган вақти, туғруққача ва туғруқдан кейин таътилда бўлган вақти ва бола парваришлаш таътилида бўлган вақтлари акс эттирилмайди. Ушбу даврлар аёлларга 54 ёшдан пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи 20 йиллик иш стажи таркибига киритилмайди.

Агар аёл йигирма йиллик иш стажига эга бўлмаса, унга 54 ёшдан имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинланмайди ва у пенсия тайинлашни сўраб 55 ёшда мурожаат этиши мумкин.

Мисол учун, аёл киши 54 ёшга тўлиб, умумий иш стажи 21 йилни ташкил этди ва фуқаро пенсия тайинлаш учун пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилди. Аёлнинг 21 йиллик иш стажи таркибига:

* 4 йил олий ўқув юртида таҳсил олган даври;

* 2 йил бола парваришлаш даври тўғри келмоқда.

Аммо ушбу 6 йиллик давр 20 йиллик иш стажи талаб қилинган давр таркибига кирмайди ва фуқаронинг умумий иш стажи (21 йил – 6 йил = 15 йил) имтиёзли пенсия тайинлаш учун асос бўлмайди.

Бироқ аёл киши 55 ёшга етиб, пенсия та­йинлаш учун мурожаат қилганда, фуқаро иш стажи таркибига (4 йил) олий ўқув юртида таҳсил олган даври ва (2 йил) бола парваришлаш давр­лари киритилади ва унга жами 21 йил иш стажи билан пенсия тайинланади.

 

Шоҳруҳ САЙДИЕВ,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бўлими бош мутахассиси.