Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

6 нафар фарзандига алимент пули тўламаган ота устидан жиноий иш қўзғатилди

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармасининг Zarnews.uz сайтига хабар беришича, 6 нафар фарзандига алимент пули тўламай келган ота устидан жиноий иш қўзғатилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг суд буйруғига асосан қарздор А.А томонидан ундирувчи С.М фойдасига 6 нафар фарзандларининг вояга етгунларига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг иккидан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган. Бироқ, шунга қарамасдан алимент пуллари қарздор А.А томонидан қасддан тўлаб берилмаган.

Шу сабабли Нуробод туман маъмурий судининг қарори билан А.А.га Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 474-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фуқаро А.А маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, қасддан вояга етмаган 6 нафар фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келиши оқибатида бугунги кунга қадар қарздорлиги жами 20 миллион 867 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Нуробод туман бўлими томонидан фуқаро А.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноий иши қўзғатилди.