Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Абитуриентлар 23 июлдан бошлаб тест синовларида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи рухсатномани олиши мумкин

Савол:

– Олий таълим муассасасида ўқиш учун рўйхатдан ўтдим. Мен тест синовларида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи рухсатномани қаердан олишим мумкин?

Шохсанам ОБЛОҚУЛОВА,

Булунғур тумани.

Жавоб:

– 2019-2020 ўқув йили учун ўтказиладиган кириш тест синовларида иштирок этиш истагини билдирган абитуриентлар олий таълим муассасалари ва Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтганларидан сўнг уларнинг ҳар бирига Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида шахсий кабинет очилди. Бу шахсий кабинет орқали абитуриентларга керакли маълумотлар, хусусан, тест синовларига кириш учун рухсатноманинг электрон варианти юборилади.

Абитуриентлар жорий йилнинг 23 июлидан бошлаб олий таълим муассасаларининг қабул комиссияларига ёки Давлат хизматлари марказига бормасдан туриб ҳам рухсатномани ўзлари мустақил принтер орқали рангли ёки рангсиз ҳолда чиқариб, шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки 09-форма) ва шу рухсатнома билан тест синовлари жараёнига боришлари мумкин бўлади.

Қуйида dtm.uz сайти орқали шахсий кабинетга кириш тартиби билан танишишингиз мумкин.

Носир Эшонқулов, Давлат тест марказининг

Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи.