Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Абу Лайс Самарқандий ҳақиқатлари

Ўрта асрларда Шарқ мамлакатларида буюк алломалар, муҳаддислар, муфассирлар, илм-маърифатда етук инсонлар тўпланиб илмий мажлислар, анжуманлар ўтказиб туриш анъанага айланган. Бу анжуманлар баҳс-мунозара, ўзаро илмий тортишувлар тарзида ўтказилган. Ана шундай илмий мажлислар Х асрга келиб янада кучайган. “Ўша даврда Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг турли шаҳарларида бўлиб ўтган илмий анжуманлардаги баҳс-мунозараларда бир инсон доимо етакчилик қиларди. У илмий қудрати, ҳаётий тажрибаси, ҳаққоний хулосалари, ақлий ривоятлари билан мусулмон оламида машҳур эрди. Бу инсон улуғ аллома, буюк имом, фозил шахс, етук муфассир, фақиҳ Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий ҳисобланарди”.

Ўрта аср алломалари ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар жамланган тарожим асарларнинг аксариятида ана шундай иқтибослар кўп учрайди. Хўш, X аср Шарқ илм-маърифатида юксак эъзозланган бу аллома ким бўлган? Унинг ҳаёти, тақдири қандай кечган? Ўзидан авлодларга қандай илмий мерос қолдирган? У Шарқ тафаккури тараққиётида қандай янгиликлар, кашфиётлар қилган? Ўрта аср алломалари уни нега бу қадар улуғлашган?

Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ҳижрий 298, милодий 911 йилда Самарқанд шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бирида дунёга келади. Муаррих Абдулкарим ас-Самъоний “Ал-ансоб” асарида “Абу Лайснинг отаси Муҳаммад ибн Иброҳим ўз замонининг фақиҳ (ҳуқуқшунос) уламоларидан бўлган. У Зарафшон дарёси яқинидаги Фарсанин қишлоғида яшаган. Кейин ундан 3 фарсах узоқликдаги Туз қишлоғига кўчиб ўтган. Бу ерда унинг фарзанди аржуманди Абу Лайс Наср таваллуд топган. Тузий лақаби билан танилган.

У фақиҳликда ниҳоятда етук бўлган. Баҳс-мунозараларда унга тенглаша оладиган аллома топилмаган”, деб маълумот беради. Манбаларда у дастлабки таълимни отасидан олганлиги, фиқҳ илмида етук даражага эришганлиги эътироф этилади. Абу Лайс Наср асарларида устозлари сифатида Абу Иброҳим Термизий, Абу Жаъфар Ҳиндувоний, Халил ибн Аҳмад Сижзий, Муҳаммад ибн Фазл Балхий каби алломалар номларини келтириб ўтади.

Унинг Самарқанддан ташқари Бухоро, Балх, Марв ва бошқа шаҳарларга боргани, бу ерларда улуғ алломалардан таълим олгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Тарихчи Салоҳиддин Ноҳий бу хусусда “Абу Лайс Бухорода тафсир, зуҳд, ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирди. Фиқҳ илмидан сабоқни эса Балх шаҳрида юксак даражага етказди. Айни пайтда у бу шаҳарларда кўплаб шогирдлар ҳам етиштирди. Шунинг учун замондошлари уни Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг улуғ муфассири, фақиҳи сифатида улуғлардилар”, деб ёзади. Бу алломага ўз давридаги эҳтиром ифодаси эди.

Абу Лайс Самарқандий ҳаёти ҳақида маълумотлар тўла сақланиб қолмаган. Унинг асл исми Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад. Абу Лайс эса куняси ҳисобланади. “Лайс” сўзи шер, арслон маъносини беради. Абу эса ота демак. Шу маънода бу куня унга илм-фандаги юксак хизматлари учун берилган бўлса, ажаб эмас. Самарқандий номи эса у туғилиб-ўсган жой маъносини англатган. Муаррихлар маълумотларига кўра, аллома Самарқанддаги мадрасалардан бирида мударрислик қилган.

Ёзган асарлари мадрасаларда ўқитилган. Айрим манбаларда унинг Самарқандда шайхулисломлик даражасига етганлиги ва шу ном билан тилга олинганлиги айтилади. Баъзи тарихчилар аллома Самарқанд қозикалони бўлган, деган фикрни ҳам келтирадилар.

Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Маълумки, унинг номига зоҳид деган атама ҳам қўшиб айтилган. Одатда, зоҳид деганда мансаб, амалдан йироқ, ҳаётини илм-фанга, ибодатга бахш этган инсонлар тушунилган. Унинг зоҳидлиги бундай мансаб эгаси бўлмаганлигини кўрсатади. Абу Лайс Самарқандий кўплаб алломаларни тарбиялаб етиштирган устоз ҳисобланади.

Унинг қўлида машҳур алломалар Луқмон ибн Ҳаким, Наим Хатиб Абу Малик, Муҳаммад ибн Абдураҳмон Зубайрий, Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Саҳл, Тоҳир ибн Наср Абу Абдуллоҳ Ҳаддодий каби ўз замонасининг машҳур алломалари таълим олганлар. Улуғ муфассирнинг авлодидан Абу Саид Балхий каби аллома етишиб чиққан. Абу Лайс Самарқандийнинг вафот этган йили ҳақида ҳам ҳар хил маълумотлар учрайди.

Баъзи манбаларда у 985 йилда, айримларида 999 йил, бошқаларида эса 1003 йил санаси кўрсатилади. Аллома машҳур мутакаллим Абу Мансур Мотуридий билан бир даврда яшаган. Унга муносиб шогирд бўла олган. Шунинг учун унинг ҳам қабри Чокардиза қабристонида Абу Мансур Мотуридий қабри яқинида бўлган. Кейинги йилларда Чокардиза қабристони ўрнида Абу Мансур Мотуридий зиёратгоҳининг тикланиши унинг шогирди Абу Лайс Самарқандийга ҳам кўрсатилган эҳтиром рамзига айланди.

Тарихий манбаларда алломанинг илмий фаолияти сермаҳсул кечгани, унинг 40 дан ошиқ номда асарлар яратгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Тадқиқотчилар фикрларига кўра, бу асарларнинг 19 таси фиқҳга, яъни ислом қонунлари ва қонуншунослигига бағишланган. Булар орасида “Навозил”, “Хизонат ул-фиқҳ” (Фиқҳ хазинаси), “Фатволар”, “Уюн ул-масоил” (Масалаларнинг сарчашмалари), “Рисолат фил-ҳукм” асарлари алоҳида ажралиб туради. “Муқаддима фис-салот”, “Фазе ул-муаллимин”, “Китоб ун-наводир”, “Мабсут”, “Танбиҳ ул-ғофилийн”, “Бўстон ул-орифийн” каби 14 та асари эса дидактик, панд-насиҳат, имон-эътиқод, одоб-ахлоқ йўналишида яратилган.

Иккита йирик асари Қуръони Карим тафсири, шарҳи билан боғлиқ ҳолда ёзилган. Алломанинг “Умдат ул-ақоид”, “Усул уд-дин”, “Баёну ақидат ул-усул”, “Рисола фил-иймон” сингари асарларида ислом ақидалари, усуллари ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, унинг фалсафа, тиб илми, диалектика ва бошқа соҳалар тадқиқ этилган асарлари ҳам мавжуд. Алломанинг 30 га яқин асарлари бизгача тўла ҳолда етиб келган.

Уларнинг аксарият қисми Миср, Туркия, Ҳиндистон, Ироқ, Франция, Англия, Голландия мамлакатлари нодир хазиналарида сақланмоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида Абу Лайс Самарқандийнинг 5 та асари қўлёзмаси рўйхатга олинган. Бугунги кунда алломанинг “Бўстон ул-орифийн” ва “Танбеҳ ул-ғофилийн” асарлари нодир қўлёзмалар асосида араб тилидан ўзбек тилига ўгирилиб, нашр қилинган. Бошқа асарлари устида тадқиқотлар давом этмоқда.

Алломанинг фаолияти Ўрта Осиёда илм-фан тараққий этган, диний илмларни тадқиқ этиш кучайган, илмий кашфиётлар, янгиликлар ҳаётга татбиқ қилинаётган, Шарқ Ренессанси юксала бошлаган даврда кечди. Шу билан бирга IX аср ислом оламида Қуръони Каримнинг асл мақсадини талқин қилишда йўлдан адашган фирқалар, диний гуруҳлар юзага келган, ислом ақидаларини шарҳлашда нотўғри қарашлар пайдо бўла бошлаган давр ҳам эди.

Шунинг учун Абу Лайс Самарқандий илм-фан тадқиқига алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир фанни ўз мақсади, моҳиятидан келиб чиққан ҳолда янгича асосларда, ўзидан олдинги салафларидан фарқли равишда тадқиқ қилди. У фиқҳ, тафсир, зуҳд, усул, фалсафа фанларида янги услублар, кашфиётлар яратди. Исломий илмларда асл мақсадни тўғри очиб берувчи йўл юзага келди.

Бу эса илмда янгилик бўлиш билан бирга исломда нотўғри қарашларга, чалкашликларга барҳам беришга хизмат қилди. Аллома ҳаётда ва илмда ўзи учун адолат ва ҳаққонийликни бош мезон қилиб олган. Бу хусусда асарларидан бири сўзбошисида “Самарқандда 40 йил фатво бердим. Ушбу 40 йилда илгари ўтган алломаларнинг ҳаётда амалий ифодасини топган сўзларига амал қилдим.

Менинг асарларимдан қиёмат кунигача ҳасад ҳамда ғийбатга оид бирор сўз ёки жумла чиқмайди. Ўнг қўлимни чап қўлимдан ажратганимдан буён ёлғон гапирмадим. Ҳеч кимга қушни сувга солиб қўтарганда унинг бошида қоладиган сув юқичалик ҳам ёмонлик истамадим”, деб ёзади. Бу мезон уни Шарқда ҳақиқатгўй аллома сифатида машҳур қилди.

Абу Лайс Самарқандий асарларида дунёни билиш, ҳаётни англашнинг туб масалаларига алоҳида эътибор қаратди. У тафаккур, илм, билиш назарияларига фалсафий нуқтаи назардан янгича ёндошди. Алломанинг фикрича, буларнинг ҳаммаси инсоннинг дунёни, ҳаётни англашига хизмат қилади. IX асрда исломшунослар орасида инсон Аллоҳ томонидан яратилган мавжудот, унга тақдир азалдан битилган, у ўз ҳолича бирор нарсани амалга ошириши мумкин эмас, деган ақида мавжуд эди.

Абу Лайс Самарқандий эса инсон Яратганнинг амрига бўйсунади, лекин унга ҳаётда “афъоли ихтиёрий” — ўз тақдирини ўзи яратишдек имкон ҳам берилган, шунинг учун инсон ҳаётда тафаккур қилиш, илм олиш, шу асосда дунёда ўзгаришларни амалга ошириш қудратига эга деган фикрни ўртага ташлайди. У “Бир соат тафаккур қилиш бир йиллик ибодатдан яхши”, деган хулосага келади. Бу ўша давр учун катта илмий жасорат эди. Аллома “Бўстон ул-орифийн” асарида илмнинг қудрати хусусида шундай ёзади: “Ривоят қилишларича, бир киши Расулуллоҳдан “Амалларнинг қайси бири афзал?” деб сўради. Расулуллоҳ “Илм” деди. У киши иккинчи, учинчи бор шу саволни такрорлади.

Расулуллоҳ унга аввалгидек жавоб берди. Шунда у киши “Эй, Расулуллоҳ, мен илм ҳақида эмас, амал ҳақида сўраяпман” деди. Расулуллоҳ “Аллоҳ амалларни илмсиз қабул қиладими? Йўқ! Илмнинг яна бир улуғ томони шундаки, алломалар дунё тургунча туради. Ҳаётда ўзлари бўлмаса ҳам, қалбларда сиймолари, тафаккурда илмлари яшайверади. Зеро, амалнинг фойдаси инсоннинг фақат ўзига тегади, илмдан эса барча одамларга манфаат етади. Демак, амалдан илм афзал туради”, деди. Бу алломанинг илмга юксак эътиборининг ифодаси эди.

Аллома меросида Қуръони Карим тафсирига, шарҳига бағишланган асарлар бу соҳада кашфиёт, илмий янгилик сифатида эътироф этилади. Бунинг сабаби бор. Маълумки, тафсир илми Мовароуннаҳр, Хуросонда VIII асрдан бошлаб ҳадис илми билан биргаликда пайдо бўлган. Тафсирлар дастлаб ҳадислар орасида ривоятлар шаклида юзага келган. Бундай тафсирларнинг яхши намуналари Имом ад-Доримий, Имом ал-Бухорий, Ҳаким ат-Термизий асарларида учрайди.

Лекин X асрга келиб тафсирларнинг ҳадислар таркибида нозил бўлиши талабларга жавоб бера олмай қолади. Натижада тафсир алоҳида илмга айланиб, бу соҳада янги асарлар яратила бошлади. Бундан кузатилган иккита мақсад бор эди.

Биринчидан, Қуръони Каримни шарҳлашда айрим муфассирлар хатоларга йўл қўя бошлаган, суралар, оятларнинг баъзиларини нотўғри тафсир этиш юзага келганди. Шу сабабли ўша даврда Қуръони Каримни тўла тафсир этиш эҳтиёжи туғилди. Иккинчидан, тафсирга оид ҳадислар, ривоятлар, шарҳларни бир жойга тўплаш заруратга айланди. Ана шу иш улуғ алломалар ат-Табарий, Имом ал-Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий асарларида ўз ифодасини топди.

Бу борада Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул-улум” — “Илмлар уммони” деб аталган тафсири Хуросон ва Мовароуннаҳрда шу йўлда яратилган илк асар, тафсир илмининг асоси сифатида баҳоланади. Алломанинг тафсири илмий жиҳатдан ниҳоятда мукаммал яратилган.

Унга Қуръони Карим асосида тартиб берилган, 114 суранинг ҳаммаси шарҳланган. Дастлаб суранинг қаерда нозил бўлгани зикр этилган. Уни машҳур муфассирлар қандай шарҳлагани, оятларнинг нозил бўлиш сабаблари кўрсатилган. Оятларни тафсир қилишда фиқҳий, ақидавий ҳукмлар келтирилган.

Шу билан бирга, оятларни ўқишда қироатхонларнинг ютуқ ва камчиликлари ҳам таҳлил қилинган. Тафсирдаги сўзлар хусусида луғат илми олимларининг фикрлари ҳам ўрин олган. Шарҳни мукаммаллаштириш мақсадида Пайғамбар ҳадисларидан, араб шоирларининг асарларидан иқтибослар берилган. Буларнинг ҳаммаси аллома тафсирини мусулмон оламида машҳур қилди. Уни тафсиршуносликнинг асосчиси дея эътироф этдилар. Ундан кейин кўплаб муфассирлар Қуръони Каримга шарҳлар битдилар. Улар учун Абу Лайс Самарқандийнинг тафсири асосий манба бўлиб хизмат қилди. Шу сабабли замондошлари унга “Имом ул-худа” — “Тўғри йўл имоми” деган юксак ном бердилар.

“Ҳодий Ҳасийрий” асарининг муаллифи аллома Абул Муҳаммад ибн Ануш Ҳасийрий Абу Лайс Самарқандийнинг фақиҳлик илмига юксак баҳо беради. “У ҳаёти давомида ҳанафий мазҳабининг машҳур намояндаси, фақиҳ Муҳаммад аш-Шайбонийнинг асарини мукаммал ўрганди. Унинг ютуқларини улуғлаб фиқҳ соҳасида янгиликлар яратди. Даврининг ҳанафий мазҳабида улуғ фақиҳга айланди” деб ёзади. Абу Лайс Самарқандий яшаган даврда мусулмон оламида ҳар бир мазҳаб бўйича қонунлар шаклланиб бўлган, уни ўзгартиришга зарурат йўқ, деб қараларди.

Бу қонунлар Қуръони Карим, ҳадислар, нақлий ривоятлар асосида яратиларди. Шунинг учун ҳеч ким ислом ҳуқуқи бўйича мустақил ижтиҳод қилиш ваколатига эга эмас, деган фикр шаклланган эди. Абу Лайс Самарқандий ана шу даврда фиқҳ асосини Қуръони Карим, ҳадислар, нақлий ривоятлар билан бирга ҳаётий, ақлий манбалар, халқларнинг урф-одатларидан келиб чиқадиган қонунлар билан тўлдирди. Бу илмий ва амалий жиҳатдан фиқҳ илмида ниҳоятда катта янгилик эди.

Яъни, қонун асоси ҳаётий воқелик, ҳар бир халқнинг ҳаёт тарзидан келиб чиққан ҳолда яратила бошлади. Энг муҳими, фиқҳ илмида янгиликлар яратиш, унга ўзгартиришлар киритиш имкони туғилди. Кейинчалик Бурҳониддин Марғиноний, Убайдулла ад-Дабусий каби алломаларнинг фиқҳ илмини янада мукаммал даражага етказишида Абу Лайс Самарқандий яратган илмий назария асос бўлиб хизмат қилди. Аллома эса ўз даврида “фақиҳ” деган шарафли унвон билан улуғланди.


Абу Лайс Самарқандий бутун ҳаётини илм-фанга бағишлади. Илмнинг инсоният ҳаёти ривожи, тараққиётидаги ўрнига юксак баҳо берди. Илм-фанни улуғлаб ўлмас асарлар яратди. Аллома ислом динининг асл моҳияти, мақсадини тушунтиришда, уни тадқиқ қилишда, йўл қўйилган хатолар, чалкашликлардан тозалашда, унинг инсоният такомилидаги ўрнини кўрсатиб беришда улуғ хизматлар қилди.

Шу боис яратган асарлари кўп асрлардан бери халқимизнинг маънавий мулки бўлиб келмоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин улуғ аждодларимиз, алломаларимиз номлари, мерослари қайта тикланди. Ана шулар орасида Абу Лайс Самарқандий ҳам бор. Аллома асарларидан бирида “Ёзганларимни одамлар асрлар оша ўтиб ўқисалар, бу илм-фанга муҳаббатлари нишонаси бўлади”, деб ёзганди. Бугунги кунда унинг асарлари нафақат юртимизда, дунё миқёсида ҳам тадқиқ қилинмоқда. Бу улуғ аллома мероси билан биргаликда илм-фанга ҳам эҳтиром ифодасидир.

Камол МАТЁҚУБОВ.