Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Адолат” СДП “Lukoil” амалдорининг ишчиларни ҳақорат қилгани юзасидан баёнот берди

Ижтимоий тармоқларда «LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY» масъулияти чекланган жамияти амалдори – бош энергетик Иван Александрович Шилов Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани, Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини ҳақорат қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 13-моддасидаги “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, деган меъёрга зид, деб ҳисоблайди. Шу сабабли Жамият раҳбарияти ҳамда тегишли давлат органларидан бу масалага ойдинлик киритиб, қонун устуворлигини таъминлашни сўрайди.

Видеотасвирдан яққол кўриш мумкинки, раҳбар қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаб, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурматсизлик билдирган.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси видеотасвирда гавдаланган ҳолат юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб бориш, хизмат ваколати доирасидан четга чиққан мансабдор шахснинг жиноий ёки маъмурий жавобгарлик масаласини муҳокама қилиш, натижаси ҳақида оммага хабар бериш зарурлигини қайд этади ҳамда бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи масъул давлат органларининг муносабатини сўрайди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ахборот хизмати.