Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Афсонавий мамлакатга саёҳат

Ҳиндистон – Жанубий Осиёдаги давлат. Инсоният цивилизациясининг қадимги ўчоқларидан бири. Аҳолиси сони бўйича дунёда иккинчи (1,227 миллиард киши), майдонига кўра эса еттинчи (3 287 590 километр/квадрат) ўринда туради. Пойтахти – Деҳли шаҳри. Fарбда Покистон, шимоли-шарқда Хитой, Непал ва Бутан, шарқда Бангладеш ва Бирма билан чегарадош.

ҲИНД СОРИ ЮЗЛАНДИК…

Ўзбекистон билан Ҳиндистонни кўп асрлик тарихий, маданий-маърифий алоқалар боғлаб туради. Минг йиллар давомида икки халқ маданияти бир-бирига уйғун тарзда шаклланган ва ривожланган. Айниқса, меъморлик анъаналари, адабий мерос ва халқ оғзаки ижодида уйғун жиҳатлар кўп.

Ўзбек ва ҳинд халқи орасидаги маданий алоқаларнинг узвий давоми ва амалдаги ифодаси сифатида яқинда юртимиз ижодкорларидан иборат делегация таркибида Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган ўзбек шоир ва ёзувчилари асарлари жамланган китоб тақдимотида қатнашдик. Ёшлигимдан ҳинд адабиётини, санъат асарларини севганим боис бу афсонавий юртни томоша қилиш, Мирзо Бобур қадами теккан заминда бўлиш, дунёнинг етти мўъжизасидан бири бўлган Тожмаҳални кўриш ушалмас орзу бўлиб туюларди.

Бизни Деҳли халқаро аэропортида Ҳиндистоннинг бир гуруҳ ижодкорлари кутиб олди, илиқ суҳбатдан сўнг меҳмонхонага жойлашдик.

Эртаси куни Деҳлидан Индор шаҳрига бордик. У ерда бизни Ҳиндистон қитъалараро маданият ассоциацияси директори Дев Бҳардваж (у бир ой аввал Самарқандда меҳмон бўлганди) ва шу ерлик ижодкорлар кутиб олишди. Биз каби бир неча давлатлардан шоирлар, ёзувчилар, тарихчи олимлар, таржимонлар ташриф буюрди. Мезбонлар меҳмонларни эрталабки нонуштага таклиф этишди. Улар бир-бири билан ҳинд, инглиз тилида гаплашарди. Чунки ҳинд тили Ҳиндистоннинг расмий тили сифатида қўлланилса-да, маъмурий иш юритиш ва савдо-сотиқ билан боғлиқ ишларда инглиз тилидан ҳам фойдаланилар экан. Умуман, Ҳиндистонда ҳуқуқий мақомга эга йигирма битта тил бўлиб, мамлакат аҳолиси 1600 дан зиёд шевада сўзлашар экан.

ҲИНД ГАЗЕТАЛАРИ РЕКЛАМАГА БОЙ

Ҳиндистонда матбуот нашрлари – газета ва журнал ўқишга қизиқиш катта. Масалан, меҳмонхонамизга ҳар куни "Hindustan times"(Ҳиндистон янгиликлари), "The Tribune"(Минбар) газеталарини келтиришди. Газеталарининг аксарияти 32 бетдан иборат. Шу билан бирга, ҳар куни эрталаб меҳмонхона маъмуриятининг ёнидаги тахтачага илинган газеталарни ҳам кузатдим. У газеталар асосан инглиз тилида. Сарлавҳаси ва суратларига қараб, гап нима ҳақида кетаётганини англайман. "Delhi Times", "The Times of India" газеталари Деҳлида чоп этилади. Шунингдек, Индор шаҳрида ҳам инглиз тилида газеталар чиқаркан. Газеталарда рекламаларга ниҳоятда кўп ўрин берилган. Ҳар бир сонида кино юлдузларининг таниш чеҳраларини учратиш мумкин. Нашрларида ана шу икки мавзу доимо мавжуд. Бири обуначининг диққатини тортиш, иккинчиси маблағни кўпайтиришга интилиш эканлиги кўриниб турибди.

ЎЗБЕК ИЖОДКОРЛАРИНИНГ ҲИНДИСТОНДА "ШИВИРЛАГАН ҲИС"И

Саёҳатимизнинг учинчи куни Индор шаҳрида асосий тадбир бўлиб ўтди. Уни Дев Бҳардваж бошқариб борди. Анжуман иштирокчиларига инглиз ва ҳинд тилида нашр этилган "The whispering­sense (English and Hindi Antology of Uzbek poets) First Published: 2018" (Таржима қилинганда "Шивирлаётган ҳис" деган маънони англатувчи антология) китоби тарқатилди. Чиройли муқоваланган китобга ўзбек бадиий адабиёти ва журналистикаси ривожига салмоқли ҳисса қўшган Абдулҳамид Чўлпон, Ҳалима Худойбердиева ва бугунги кунда фаолият кўрсатиб келаётган Сирожиддин Саййид, Исмат Санаев, Фармон Тошев, Икромхон Валихон, ўайбиддин Фазлий, Хуршид Нуруллаев каби йигирма уч нафар ижодкорнинг асарларидан намуналар киритилган.

Анжуманда менга сўз берилганида вужудимни ҳам фахр, ҳам ҳаяжон чул­ғаб олди. Ҳиндистон заминига қадам қўйганимдан буюк бобурийлар руҳини ҳис қилганим, Ҳиндистоннинг ўзига хос табиати, ҳиндлар муқаддас деб билувчи Ганга ва Жамна дарёлари бу юрт учун қай даражада улуғ бўлса, Марказий Осиёнинг Амударё ва Сирдарёси ўзбек халқи учун шунчалик муқаддаслиги, аслида бу дунёқараш замирида ўзбек ва ҳинд халқларининг тинчликсевар, дўстликни улуғловчи ғоялари ётганлиги ҳақида сўзладим. Сўнгра нав­бати билан шеърларимиздан намуналар ўқидик.

Анжуманда кекса тарихчи Жанардан Ратхания сўз олиб, бобурийлар фаолияти, улар томонидан амалга оширилган ишлар, аждодларимизнинг ҳинд халқи ҳаётида муҳим ўрин тутганлиги ҳақида гапирди. Унинг аждодларимиз тарихини яхши билиши бизни ҳайратга солди. Бунинг сабабини кейинроқ билдик: 78 ёшли тарихчи олим аслида туркистонлик бўлиб, ота-боболари бундан бир неча аср илгари Ҳиндистонга кўчиб бориб, қолиб кетган экан. Шу боис юртимизга қизиқар, Ўзбекис­тонни боболари киндик қони тўкилган юрт деб биларкан. У суҳбатимиз давомида ҳис-туйғуларини ифодалашга сўз тополмас, ҳаяжонланар эди. Жанардан мустақиллик туфайли юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, эришилаётган ютуқлардан фахрланишини айтаркан, юрагимни Ўзбекистон дея аталган юртда яшаётганимдан фахрланиш туйғулари эгаллади, борганимизга уч кун бўлмай юртимни соғинганимни ҳис қилдим.

Анжуманда бизнинг ҳар биримизга шеърларимиз чоп этилган "Кафла қитъалараро" журналини беришди. Шунинг­дек, самарқандлик ижодкорлар – мен ва Наим Раҳим Ҳиндистон қитъалараро маданият ассоциацияси томонидан "Адабиёт нури", Яхшигул Хидирова, Гулжаҳон Мардон қизи "Адабиёт шаъни", Меҳрибону Қиличева "Адабиёт фахри" мукофотлари билан тақдирландик.

ТОЖМАҲАЛ – ЕТТИ МЎЪЖИЗАНИНГ БИРИ

Тадбирлардан сўнг кўҳна шаҳарнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларини томоша қилдик. Дастлаб Ҳумоюн Мирзонинг қабрини зиёрат қилдик. Ушбу қадамжо Шарқнинг бетакрор меъморий анъаналарига уйғунлиги билан бизни ҳайратлантирди. Кейин Деҳлидаги Акшардҳам ибодатхонасига бордик. У ердаги ҳолатни кўриб, афсоналар оламига тушиб қолгандай бўлдик гўё. Театрлаштирилган ҳайкалларнинг худди тирик одамдек ҳаракатланиб, сўзлаши кишини ҳайратга солади. Сув ҳавзасидаги кемага ўтирсангиз, сузиш жараёнида икки томондан ҳаракатланувчи ҳайкаллар орқали ҳинд маданияти тарихи аксланар экан. "Сув шоуси" ҳам жуда қизиқ. Унда қадимги миф даври кўринишлари лазер нурлари ёрдамида жонлантирилади. Бу ердаги тарихий ашёлар, экспонатлар кўргазмаси ҳинд диёрининг тарихи ҳақидаги тасаввуримизни янада бойитди.

Сафаримизнинг бешинчи куни Агра шаҳрига бориб, Акбаршоҳ қабрини зиёрат қилдик. Агра – Деҳлидан 60 километр узоқликда жойлашган, Ҳиндистон тарихидан сўзловчи мўйсафид шаҳар. Абадий муҳаббатга қўйилган ҳайкал – Тожмаҳал тарихий обидаси жойлашган бу шаҳарни шоҳ Бобурнинг невараси Шоҳжаҳон ва унинг суюкли аёли Мумтозмаҳал ўртасидаги буюк муҳаббат қиссасидан хабардор бўлган ҳар бир киши билиши табиий. Жамна дарёси бўйида қад ростлаган бу даргоҳ кўнгилни сеҳрлаб қўяркан. Бизни тарихий обидалар билан таништирган мажмуа ходимлари мақбарани тонгда ёки шом чоғи зиёрат қилишни, бунда ранглар мўъжизасига гувоҳ бўлишимизни маслаҳат берди.

Мақбарага боққанча ўйга толаман. Беихтиёр бўғзимга нимадир тиқилиб, кўзларимга келган ёшни ёнимдан ўтаётган сайёҳлардан яширишга уринаман. Ҳар бир нарсадан маъно ахтараман, ҳар бир ҳолат кўзимга ниманингдир рамзи бўлиб кўринади: қизил тошлар билан қурилган бинолар орасида оқ мармардан қурилган мақбара. Қизил ранг ошиқ кўнгли-ю, оқ ранг бегуноҳлик рамзи бўлиб туюлади менга. Мумтозбегимнинг қабри устидаги қора мармарда эса айрилиқ, бу дунёнинг ўткинчилиги, ҳар бир яратилган нарса охир-оқибат йўқликка юз тутишига ишора бордек туюлади. Буюк ҳинд мутафаккири Рабиндранат Тҳокур бу мақбарани бежиз "Абадийлик юзидаги кўз ёш", дея таърифламаган дейман ич-ичимдан. Мақбарадан узоқлашар эканман, қизғин нурлар ичра ортимдан кузатиб қолган мунгли Аржумандбонуни илғагандай бўламан.

Сафаримиз якунига етиб, аэропорт сари йўлга тушар эканмиз, кўнглимни яна сокин туйғулар эгаллаб олди. Анча вақтгача унинг таъсиридан чиқа олмадим. Ушбу сатрлар хаёлимдан ўта  бошлади:

Муҳаббатга йўғрилган қаср,

Ёр ҳажрида ўртанган юрак.

Ўтса ҳамки неча йил, аср,

Хотирларда яшайди сергак.

 

Агра бунга шоҳиддир чунон,

Не савдолар кечган бошидан.

Жамна тўлиб оқаркан ҳамон,

Шоҳжаҳоннинг аччиқ ёшидан.

 

Деворлари зумрад, нақшинкор,

Беш гумбазли марварид ошён.

Икки олам мўъжизаси бор,

Аммо ғариб кўнгиллар гирён.

 

Тўрт минора ростлар қаддини,

Мумтоз Маҳал руҳи юради.

Ёлғиз ўтган ёрин дардини

Суюклиси тинглаб туради.

 

Нурга чўмиб ётар Тожмаҳал,

Ер юзида ягона бу ҳол.

Ишқ қудратин кўрсатар ҳар гал

Садоқатга қўйилган тимсол.

 

Ҳиндистонда аждодим изи,

Уни барча тавоф қилади.

Бу тимсолнинг асл негизи

Менинг Бобур бобом бўлади.

Дев Бҳардважга ўз миннатдорчилигимизни билдирдик. Улар билан хайрлашар эканмиз, тилини билмасак ҳам нима деяётганини тушуниб турардик. Кўнгиллар тилга кирган эди. Биз ўтирган самолёт ҳавога кўтарилар экан, ҳаммамиз ўзбек ва ҳинд халқлари дўстлиги бардавом бўлсин, дея ният қилдик.

Зуҳра ЭШОНҚУЛОВА.

Самарқанд-Деҳли-Агра-Индор-Самарқанд.