Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аҳоли муаммоси ташкилотларга хат йўллаш билан ҳал этилмайди

Каттақўрғон шаҳрида 35 та маҳалла бўлиб, ҳоким, прокурор ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи секторларига шаҳарнинг ўнтадан маҳалласи, ички ишлар бўлими бошлиғига шаҳардан 30 километр узоқликда жойлашган Ингичка қўрғончасидаги бешта маҳалла бириктирилган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилигида секторлар фаолиятининг йўлга қўйилиши аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этишни таъминлашга хизмат қилмоқда. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар аъзолари уйма-уй юриб, маҳаллалардаги аҳволни яқиндан ўрганиши самарасида аниқланган муаммоларни ҳал этиш чоралари изланаётир. Мавжуд камчиликлар юзасидан "туман (шаҳар) - вилоят - республика" тамойили асосида таклифлар тайёрланмоқда. Натижада кўплаб оилавий, ижтимоий-маиший муаммолар, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш каби масалалар ҳал этилмоқда.

- Туманимиз ҳокими раҳбарлигидаги секторга бириктирилган маҳаллаларда 5509 хонадон мавжуд бўлиб, шу давр­гача 5202 та хонадонда ўрганиш ишлари амалга оширилди, - дейди 1-сектор масъул котиби Ш.Юсупова. - Хонадонларда 297 та муаммо аниқланиб, уларнинг барчасига ижобий ечим топилди. Яъни, уй-жойи таъмирга муҳтож, ўта оғир шароитда яшаётган 21, уй-жойга эҳтиёжманд 43 оиланинг мурожаати қаноатлантирилди.

Каттақўрғон шаҳрида 2017 йилда 1 та, 2018 йилда 8 та ўта муҳтож оилалар уй-жой билан таъминланиб, жорий йилда 4 та эҳтиёжманд оилага уй бериш режалаштирилаётган бир вазиятда сектор масъулининг 43 та уйга муҳтож оиланинг масаласи ҳал этилганлиги ҳақидаги маълумоти бизда шубҳа  уйғотди.

Кейин савол-жавобларимиздан маълум бўлишича, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 1, 2 ва 4-сектор штаблари масъул котиблари ўрганилган муаммолар бўйича тегишли ташкилотларни хабардор этгани, масалаларга доир айрим сўровларни корхоналарга тарқатганини муаммонинг ҳал этилиши деб тушунар экан.

Ваҳоланки, штабда уйма-уй юриш, ўтказилган суҳбатлар, келиб тушган мурожаатлар ёки ижтимоий соҳа ва бошқа объектлардаги мавжуд ҳолатлар бўйича аниқланган муаммолар, уларнинг ҳал этилган ёки этилмаганига доир таҳлил, статистик ҳисобот мавжуд эмас. Аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш бўйича "йўл хариталари" ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилмаган.

Учала штабнинг уйма-уй юриш жараёнида ўтказилган ўрганишлари натижасида аниқланган муаммолар ва уларнинг ҳал этилганлиги тўғрисидаги маълумот жадвалида кўрсатилган барча бандлар 100 фоизлик кўрсаткични акс эттириб турибди. Туман ҳамда вилоят Халқ қабулхоналарига йўлланаётган ҳисобот-жадвалларида акс эттирилган - аҳолининг уй-жойга, бандликка, соғлиқни сақлаш, банк кредитига, кадастр хизматига, моддий ёрдамга муҳтожлиги каби муаммолар тўлиқ жойида ҳал этилгани кишини ажаблантирар даражада.

Шу ўринда савол туғилади. Агар секторлар фаолияти туфайли хонадонлардаги муаммоларга тўлиқ ижобий ечим топилаётган экан, вилоят ҳокими, вилоят прокурори, ички ишлар ва солиқ бошқармалари раҳбарларига жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида ҳар ойда фуқаролардан минглаб мурожаатлар келиб тушаётганининг боиси нимада?

Шаҳарнинг солиқ идораси раҳбари масъул 4-сектор ишчи гуруҳлари томонидан ўрганилган муаммоларга назар ташлаймиз. Сектор штабидан олинган маълумотларга кўра, уларга бириктирилган 10 та маҳалладаги мавжуд 5336 та хонадоннинг 4124 таси ўрганилган ва 584 та муаммо борлиги аниқланган. Сектор ҳисоботида уй-жойга муҳтож 142 нафар фуқаро томонидан билдирилган масаланинг барчаси ҳал этилгани, ажабланарли.

- Шу биргина хонада 6 жон - отам, онам, турмуш ўртоғим, икки қизим билан яшаймиз, - дейди 4-секторга қарашли Зарифобод маҳалласи умумий фойдаланувдаги 194-уйда истиқомат қилаётган О.Раҳмонова. - Аслида 7 кишимиз. Яқинда укам уйланиб, хотини билан ижарага чиқиб кетишди. Уч йилдирки, уй-жой сўраб шаҳар ҳокимлигига, сектор мутасаддиларига мурожаат қилсак-да, натижа бўлмаяпти. Отам пойабзал тузатади, онам уйда ўтиради. Иккисининг ҳам пенсияга чиқишига ҳали фурсат бор. Эрим мавсумий ишларда ишлайди, топгани рўзғордан ортмайди. Ўзим хастаман, икки марта оғир операцияни бошдан кечирдим. Баъзида 4, 9-синфларда ўқийдиган қизларимнинг дарс тайёрлаши учун шароит йўқлигидан эзиламан. Ёзнинг иссиқ кунлари билинмас, аммо қиш кунлари биз учун жуда оғир. Бир хонага тиқилиб яшашга мажбурмиз. Бунинг устига шу уй ҳам йилдан-йилга тўкилиб боряпти. Кредитга бўлса ҳам икки-уч хонали уй беришсайди, дейман. Отам, эрим, ўзимиз ишлаб, кредит фоизларини тўлардик.

Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида секторлар штаби фаолиятини тизимли равишда йўлга қўйиш мақсадида сектор раҳбари бошчилик қиладиган идорадан сектор штаби котиби сифатида алоҳида ходим бириктириши, бунда котиб асосий иш жойидан ажралган ҳамда лавозим маоши сақлаб қолинган ҳолда фаолият кўрсатиши белгиланган. Кузатувимиз давомида маълум бўлдики, 1-сектор штаби масъул котиби Ш.Юсупова Каттақўрғон шаҳар хотин-қизлар қўмитасида бош мутахассис, 4-сектор штаби масъул котиби Б.Султонов шаҳар давлат солиқ инспекцияси котибияти ходими сифатида ҳам фаолият юритаётганини таъкидлашди.

Секторлар фаолияти учун яратилган шарт-шароитларда ҳам тафовут мавжуд. Шаҳарнинг Навбаҳор маҳалласида жойлашган 1-сектор штаби учун 4 та хона (сектор раҳбари, аъзолари хонаси, тиббиёт ва она-бола, дам олиш хоналари) ажратилган. Планшет, ноутбук, нусха кўчириш аппаратлари ва бош­қа кўргазмали воситалар, мебеллар мавжуд бўлса-да, компьютерлар интернетга уланмаган. Еттита компьютер, ноутбук, принтер, планшетга эга 4-сектор штаби масъул котиби интернет тармоғи учун тўловларни ўз ҳисобидан тўлаяпти. Шаҳар иқтисодиёт ҳамда педагогика коллежлари биносида жойлашган прокурор ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи сектори штаб­ларига тиббиёт, она ва бола хоналари ажратилмаган.

Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича секторларда "туман (шаҳар) - вилоят - республика" тамойили асосида ечиладиган муаммоларни ҳал этишга доир чора-тадбирларни, "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш, аниқланган муаммоларни таҳлил қилиш, мониторингини юритиш, сектор аъзоларини моддий рағбатлантириш, сайёр қабуллар ташкил этиш каби масалалар бўйича ҳам камчиликлар талайгина.

Каттақўрғон шаҳри секторлари фаолияти мисолида келтирилган бундай нуқсонларни вилоятимизнинг ҳар бир тумани ёки шаҳрида кузатиш мумкин.

Нафсиламрини айтганда, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар қилиш мақсадида ташкил этилган секторлар фаолиятига жиддий эътибор қаратиш зарур.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,

"Зарафшон" мухбири.