Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Алимент тўловидан 9 миллион сўмдан зиёд қарзи бор ота жазоланади

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан қарздор А.Б. томонидан ундирувчи Д.Ҳ.нинг фойдасига 1 нафар фарзандининг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.

Бироқ қарздор А.Б. алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга Каттақўрғон шаҳар маъмурий судининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддаси билан энг кам иш ҳақининг 20 баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланган.

Фуқаро А.Б. қўлланилган жарима жазосидан сўнг ҳам тегишли хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Оқибатда унинг қарздорлиги 9 миллион 138 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан фуқаро А.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон шаҳар бўлими.