Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Алиментдан қарздорлар ярашиш йўлига ўтмоқда

Очиғи, узоқ йиллардан бери ажрашган оилалар ўртасида фарзанд таъминоти учун ажратиладиган алиментни ундириш масаласи оқсаб келган. Ёки аксар ҳолатларда эркаклар гарчи хусусий иш билан норасмий банд бўлса-да, аммо ҳужжатларда ишсизман, деб кўрсатиб, алимент миқдорини жуда ҳам минимал тарзда тўлаб келган. Ўша минимал миқдордаги алимент маблағни тўлаш ҳам пайсалга солинган. Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиши бу масаладаги ишларнинг сезиларли даражада ижобий ечимига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, алимент билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар жараёнида  Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан оилалар билан очиқ суҳбатлар ўтказиляпти. Бундай тушунтириш ишлари самара бериб кўплаб оилалар ярашиш йўлига ўтмоқда. 

Жорий йилнинг биргина январь ойи давомида 47 та шундай оила ўзаро ярашишни лозим топди. Бундай оилалар сони Нарпайда 13 тани, Пайариқда 12 тани, Иштихонда 6 тани, Каттақўрғон шаҳрида 5 тани, Каттақўрғонда 4 тани ва Қўшработда 3 тани ташкил этади. Тикланган оилалар эса бундан мамнун. 

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор Р.Бердиевдан ундирувчи З.Бозорованинг фойдасига 3 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш лозим эди. Олиб борилган тушунтириш ишлар натижасида бу оила ярашган.

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор А.Амирқуловдан ундирувчи Г.Қудратова фойдасига икки нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ҳамда қарздор Б.Эргашевдан ундирувчи Л.Суюнованинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари юзасидан тарафлар билан ўтказилган суҳбат давомида бу икки оила ҳам ярашган.

Ўрганишларимиз жараёнида шунга амин бўлдикки, алимент тўловларини ўз вақтида амалга ошириш ижросини қатъий назоратга олиш, оталарда оилага нисбатан масъулликни оширишга хизмат қилиши баробарида оилавий ажримларнинг ҳам олдини олишга ёрдам беради.

Учқун БУТУНОВ,

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.