Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Алишер Шодмонов: Коронавирусни беркитишнинг иложи йўқ

Бугун, 10 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган Ўзбекистонда коронавирус инфексияси (СОВИД-19)нинг профилактикаси ва унинг кириб келишининг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти, тегишли вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодманов дунёда коронавируснинг эпидемик ҳолати ва СОВИД-19нинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот берди:

— Коронавирус инфексиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, давлат чегараларидаги мавжуд 53 та санитария-карантин пунктларига қўшимча врачлар, тепловизор ва контакциз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, фаолияти самарадорлиги кучайтирилди. Ушбу пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, бирламчи тиббий муассасалар томонидан улар устидан 14 кунлик тиббий кузатув йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 15 январидан ҳозирги кунга қадар республика бўйича тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5 минг нафарга яқини кузатувдан чиқарилган, 1 542 нафар фуқароларда тиббий кузатув давом эттирилмоқда. Коронавирус қайд этилган Хитой ва бошқа давлатлардан келган фуқаролардан эпидемик ва клиник кўрсатмага асосан 1760 нафаридан лаборатория таҳлили учун олинган биологик намуналарда коронавирус аниқланмади.

Агар касаллик қайд этиладиган бўлса, дори воситаларининг захираси, шунингдек, профилактика бўйича имкониятларимиз етарли.

Муҳими, ҳар бир фуқаро нотўғри, ваҳимали маълумотларга ишонмаслиги, эҳтиёт чораларини кўриши зарур. Бу касалликни биз беркитмаяпмиз, уни яширишнинг иложи ҳам йўқ. Зарурат бўлмаса, хорижга чиқмайлик, чекланайлик. Сиз соғлом бўлганингиз билан ёнингиздагилар ўз касалликларидан бехабар ҳолда юқтириб қўйиши мумкин, деди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.