Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Америкада қолиб кетмоқчи эмасман!

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!

Университетда биздан уч курс кейин ўқиган Шуҳрат билан бир тумандан бўлганимиз учун ака-укадек бўлиб қолганмиз. Талабалик вақтида ҳам, ундан кейин ҳам тез-тез кўришиб, суҳбатлашиб турардик. Кўнглини очиб гапирарди.

Отаси эрта вафот этгани учун онаси, ака-опалари тарбиясини олиб катта бўлган, уларнинг қўллаб-қувватлаши ва ёрдами билан олий ўқув юртида контракт асосида ўқиди. Бироз юпун кийинса ҳам, кўп ҳолларда тушлик қилмаса ҳам дарсларга ўз вақтида келишга, фанларни яхши ўзлаштирига ҳаракат қиларди.

Баъзида айрим ўқитувчиларнинг баҳо қўйиш учун таъма қилганини айтиб, жаҳли чиқар, “мен домла бўлсам, талабалардан бир сўм ҳам пул олмайман, фақат уларни ўқишга даъват қиламан” дерди. Ана шу ҳақиқатпарварлиги, тўғрисўзлиги айрим ўқитувчиларга ёқмас, улар билан ҳам тез-тез тортишиб қоларди. Балки шунинг учундир ёки омади чопмадими, магистратурада ўқиш нияти ушалмай қолди.

Кейин шаҳарда ижарада яшаб, коллежларнинг бирида ўқитувчилик қилди. Уйланганидан сўнг бу юриши ҳам кўплик қилди. Ноилож қишлоғига қайтиб, мактабга ишга кирди. Шу билан Шуҳратнинг “университетда домла бўлиш” орзуси орзулигача қолди. Оила, уй-рўзғор ташвишлари билан бўлиб шаҳарга кам келадиган бўлди.

Етти-саккиз йил олдин бир куни хурсанд бўлиб қўнғироқ қилди:

– Ака, табрикланг! “Грен карт” ўйнагандим, ютибман. Америкага кетаман...

Кейин Америкага кетиши олдидан яна кўришдик. У жуда хурсанд эди. Хотини, икки яшар ўғилчаси ҳам Шуҳрат билан бирга кетаётганди.

– Онам бироз хафа бўлдилару, лекин нима қилай ака, бу ерда озгина ойлик билан на рўзғорни уддалайман, на уй-жой қура оламан, – деганди у. – Акам ўзи ўқимаса ҳам онамнинг ёнига кириб ишлаб мени ва сингилларимни ўқитди. Мени уйлантирди, сингилларимни узатди. Энди унга отамнинг уйидан чиқиб кетинг, деб айтолмайманку. Онам ҳам акамнинг оиласига ўрганиб қолган, бирга яшашади. Бу ерда юрсам, уй-жой қилишимга кўзим етмайди. Америкага бориб жойлашиб олай, иложи бўлса, ўша ерларда қолиб кетаман. Яшаш учун қаер қулай бўлса, ўша ер Ватан-да...

Ўшанда Шуҳратнинг гапларидан ҳайрон бўлиб, унинг бу қадар ўзгариб кетгани, ёш бўлса-да ҳаёт ташвишлари кичик жуссасини эгиб қўйганига ишонгим келмаганди.

У шу кетганича олти йил уйига келмади. Ўша ерда муқим ишга жойлашиб олди, уй-жой қилди, машина олди, хуллас яхши ҳаёт кечириш учун нимаики зарур бўлса, барчасига эришди. Акасига ёрдам берди, лекин ўзи қишлоқда уй-жой қилишни ёки шаҳарда квартира сотиб олишни ўйламади.

Баъзида суҳбатлашиб қолганимизда, “ростдан ҳам Америкада қоласан, шеккилли, бу ерда уй-жой қилишни ўйламаяпсан” десам у кулиб “Иккита болам Америкада туғилган, шу американецларнинг отаси деб мени ҳам чиқариб юборишмас, шу ерда яшаб турайлик-чи” дерди ва гап ўзанини бошқа томонга буришга ҳаракат қиларди.

Ўтган йил онасининг аҳволи оғирлашгач, Шуҳратни чақиришди. Ҳар тугул онасидан рози-ризолик сўрашга, унинг васиятини эшитишга улгурди. Маърака-маросимлар, қариндош-уруғ билан кўришиб бир ой қирқ кунлар шу ерда қолди. Кейин яна оиласи билан океан ортига жўнаб кетди.

Кетиши олдидан кўришганимизда “Мана болаларинг ҳам катта бўляпти, озми-кўпми маблағ тўплагандирсан, энди қишлоқда уй-жой қилиб қўйсанг бўлармиди, барибир бир кун келасан шу ерга” дедим. У эса ердан кўзини узмай “Билмадим, ака, билмадим. Ака-опаларим ҳам шундай дейишяпти. Лекин болаларим ўша ерга ўрганиб қолишган” деганди.

Шундан кейин у билан бир неча ой гаплашмадик. Бир-икки марта интернетда ёзишган бўлсак-да суҳбатимиз шунчаки салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашиш билан чекланди.

Яқинда электрон почтамга Шуҳратдан хат келди. Унда шундай ёзилган эди:

“Ака, анчадан буён кўнглимда туғилган бу гапларни сизга айта олмадим. Нафақат сизга, бошқаларга ҳам айтишга ўзимда куч тополмадим. Шунинг учун ёзишга қарор қилдим.

Аслида, бу гаплар ўтган йил қишлоққа борганимда дилимда туғила бошлаган, аммо негадир буни тан олгим келмас, шунинг учун ҳеч кимга айтмагандим.

Онам раҳматли билан сўнгги суҳбатимизда у киши “болам, ўша юртларда қолиб кетмагин, тағин. Сенинг илдизинг шу ерда, мен, отанг, ака-опаларинг, сингилларинг шу ерда, инсон ўз илдизидан узилиб кетолмайди” деган эдилар.

Бу гапларни онажоним иккинчи ўғлим туғилганда Америкага келганларида ҳам айтган эдилар. Менга ва хотинимга қараб “бу бола Америкада туғилди, энди шу ернинг одами бўлиб ўсади, деб ўйламанглар. Азизбегимнинг  томирида сенларнинг, ота-боболарининг қони оқмоқда, у ўзбек, барибир аждодларига тортади” дегандилар. Ўшанда бу гапларга унчалик эътибор қилмаган бўлсам-да онажоним билан видолашаётганимда айтган сўзлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб туради.

Тағин ўша кунларнинг бирида катта ўғлим айтган гап ҳалигача ич-этимни ейди. Бир ойлар қишлоқда қолиб кетганимиздани кейин бир куни кечқурун ўғлим “Дада, бу ерда зерикиб кетдим. Қачон уйимизга кетамиз? Тезроқ кетайлик” деди.

Киндик қони шу уйда тўкилган, шу ерда дунёга келган ўғлим ўз уйини бегона деб билиб, ўзга юртни уйим деяпти. Менинг уйимда ўзини бегона ҳис қиляпти.

Ана шу гаплар жон томиримдан ўтиб кетди. Ҳозирку булар ёш, ҳаётни англамаслиги мумкин. Лекин шу дунёқараш билан улғайса, эртага у қаерни Ватан деб билади, қаер у учун ўз уйи бўлади?

Ўзбекистонга бориб келганимдан буён шуни ўйлайман. Шундай кейин болаларимга ўзимнинг болалигим, ота-онам, ака-опаларим, оиламиз ҳақида кўпроқ гапирадиган бўлдим. Қишлоғимиз одамларининг, қариндош-уруғимизнинг бир-бирига меҳр-муҳаббати ҳақида сўзлайдиган бўлдим. Болаларимнинг бекаму кўст улғайиши, яхши ҳаёт кечириши учун кўпроқ пул топишни ўйлабману уларнинг кимлигини, кимларнинг авлоди эканлигини айтишни ўйламабман. Яна бироз эътиборсиз бўлсам, уларни ўзлигидан айириб қўяр эканман, ўзим кимлигимни унутарканман.

Ака, мен Америкага келганимдан хурсандман!

Йўқса, онамнинг гаплари, ўғлимнинг сўзлари маънисини англамасдим. Қишлоғимиз одамларининг чўнтагида пули бўлмаса-да меҳмон учун ҳамма вақт эшиги очиқлиги, қўни-қўшнининг яхши-ёмон кунингда ёнингда туриши, бошингга мусибат тушса қариндош-уруғинг елкадош бўлиши қанчалик юксак туйғу эканлигини ҳис қилмасдим...

Бироз жамғарган пулим бор эди. Акамга жўнатдим. Қишлоқдан уй-жой қиламан. Келаси йил ёзда болаларим билан бориб, ҳовлида боғ қиламан. Болаларим билан ният қилиб дарахт экамиз.

Режам бор эди, шу ерда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи эдим. Энди, мақсадларим ўзгарди. Бизнесни ўзимизда, қишлоғимизда қиламан. Жиянларимни, қишлоқдошларимни ёнимга олиб, тадбиркорликни ўргатаман. Ишим бўлса, пулим бўлса, ўша ерда ҳам ўзим истагандек яшашим мумкинлигини энди тушундим.

Ака, мен Америкада қолиб кетмоқчи эмасман, Ўзбекистонга, ўз уйимга қайтаман. Қайтганда ҳам Ватанимга фойдам тегадиган инсон бўлиб қайтаман!

Хатни ўқигач кўнглим ёришди, бир неча йиллар олдин танишган, ўша самимий, очиқкўнгил Шуҳратни топгандек бўлдим.

Ғолиб ҲАСАНОВ.