Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ақлли душман, жоҳилу нодон дўстдан яхшироқ

Ишларимнинг барини кенгаш билан юргизиб, уни битиришда тўғри тадбир қўллар эдим. Бир ишга киришмай туриб, ундан чиқиш йўлларини ўйлаб қўяр эдим. Уни тўғри тадбир, қатъий жазм, сабр-чидам кўрсатиб, эҳтиёткорлик билан узоғини ўйлаб, ортини эсдан чиқармаган ҳолда охирига етказардим.

***

Яна тажрибамдан ўтказдимки, кенгаш аҳли бирлик, иттифоқлик билан сўзда собит, ишда чидамли бўлишлари шартдир. Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасунлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, унинг яқинига ҳам йўламасунлар.

Тажрибамдан маълум бўлдики, кенгаш икки турли бўлур. Бири–тил учида айтилгани, иккинчиси – дилдан чиққани. Тил учида айтилганини (шунчаки) эшитардим. Дилдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.

***

Яна ўз тажрибамдан билдимки, содиқ ва ҳақиқий дўст улким, ўз дўстидан ранжимайди, дўстининг душманини ўз ёви деб билади. Агар керак бўлса, дўсти учун жонини ҳам аямайди. Шундайки, амирларимдан қай бирлари менга жон-дили билан ҳамроҳлик қилган бўлсалар, мен ҳам улардан ҳеч нарсани аямадим.

Яна ўз тажрибамда кўрдимки, ақлли душман, жоҳилу нодон дўстдан яхшироқ экан.

***

Яна буюрдимки, ғаразгўй, нафси бузуқ кимсаларнинг туҳмати билан катта ва кичик шаҳарлар аҳолисидан ҳеч кимни жазоламасинлар. Фақат гуноҳи тўрт кишининг гувоҳлик бериши билан исботланса, гуноҳига яраша жазоласинлар.

 

“Темур тузуклари”дан