Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

АҚШ “Сардоба” сув омбори фалокатидан азият чеккан оилаларга 100 минг доллар ажратмоқда

АҚШ ҳукумати Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори қисман ўпирилиши натижасида уни бартараф этишда Ўзбекистон олиб бораётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди ва Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) қошидаги табиий офатларда ёрдам кўрсатиш бошқармаси орқали маҳаллий бир ташкилотга табиий офатдан зарар кўрган оилаларга муҳим ёрдам воситалари сотиб олиш ва етказиб бериш учун 100 минг доллар ажратмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳабар берди.

"Сирдарё вилояти аҳолисига чин дилдан ҳамдардлик билдираман. Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари ушбу фалокат оқибатларини бартараф этиш учун тезда сафарбар этилди", деди АҚШ элчиси Даниел Розенблюм.

Маълум қилинишича, АҚШ ҳукумати бу маблағдан фойдаланиб сув омбори ўпирилиши натижасида ўз уйларидан кўчирилган муҳтож оилаларга озиқ-овқат ва бошқа зарур воситаларни тарқатиш орқали Ўзбекистонга мазкур инқироздан қутулиш ва қайта тикланишда ёрдам беради.

Фавқулодда кўмак бўйича саъй-ҳаракатларни қўллашдан ташқари, USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодини диверсификациялаш, минтақавий савдони кучайтириш, соғлиққа жиддий таҳдидларни бартараф этиш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун ҳукумат имкониятларини шакллантириш бўйича ҳамкорлик қилади.