Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

АҚШда номаълум шахс черковга ҳужум қилди, 2 киши ҳалок бўлди

Калифорния штатидаги Сан-Хосе шаҳрида жойлашган баптистлар (протестант насронийлари оқимларидан бири) черковида бир неча киши пичоқ билан жароҳатланди, икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 23 ноябрь куни РИА Новости нашри хабар берди.

“Биз бир неча киши пичоқ билан жароҳатланганини тасдиқлаймиз. Айрим шахслар ҳаёт учун хавфли даражада жароҳат олган”, дейилган Сан-Хосе полициясининг Твиттер саҳифасида.

Кейинчалик шаҳар мэри Сэм Ликкардо Калифорния штатидаги Сан-Хосе баптистлар черковида пичоқ билан етказилган тан жароҳатлари туфайли икки киши ҳалок бўлганини ва ҳужум уюштиришда гумон қилинган шахс ҳибсга олинганини маълум қилди.

“Баптистлар черковидаги ҳужумда пичоқ жароҳатларидан вафот этган икки маҳаллий фуқаронинг оила аъзолари билан бирга қайғудамиз. Сан-Хосе полицияси гумондор шахсни ҳибсга олди. Қолганлар оғир жароҳатланган, биз улар учун дуо қиламиз”, деб ёзди шаҳар мэри ўзининг Твиттер саҳифасида.

Сан-Хосе полициясининг маълум қилишича, ҳужум вақтида черковда ибодат ўтказилмаётган бўлган. Черковга кўчада совқотиб қолмасликлари учун уйсизлар олиб кирилган бўлган.