Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Арслон ҳақида қўшиқ

Муҳаммад Сайфий (Сайфиев) 1949 йил 1 январда Иштихон туманидаги Сафохўжа қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факуьлтетида ўқиган. Бир муддат Тошкентда “Мухбир” журналида ишлаган. Тақдир тасодифи туфайли саломатлигини йўқотгач, умрининг охиригача она қишлоғида яшади. 2005 йилда вафот этди.

У китоб чиқаришга имкон топа олмади, аммо ўзидан дилбар шеърлар қолдириб кетди.

Қуйида Муҳаммад Сайфийнинг чоп этишга тайёрланаётган китобидан айрим шеърларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Арслон ҳақида қўшиқ

Ўзбек ёзувчиси

Жавдат Илёсов хотирасига

Арслоннинг кўксида сут ийиб борар,

юрагида меҳр талвасаси,

ўлган болаларин излаб изғийди.

Арслон ўкиради

кўкси тўлиб кетиб:

“Қайдасиз,

меҳрни, қаҳрни эмгувчи болаларим!”

Ўрмон жим.

Чумчуқлар пир-пир учади,

Ҳашаротлар дарахтларга ўрмалар,

каламушлар инларидан қулоқлари кўринар,

япроқларда эса – шаббода.

Ҳайвонот болалари пана-панадан

кўзлари жавдираб термулар.

Арслон уларни пайқайди,

лекин унга

бўриваччалар эмас,

тулкиваччалар эмас,

арслонзодалар керак, ахир!

Арслон ўзлигини топмай изғийди,

кўкси тўлиб борар,

меҳри ийиб борар,

ўкириб-ўкириб юборар

ўрмонни ларзага солиб.

Арслон кўксини ерга беради.

Вужудига чумолилар ўрлашар,

чумолилар ахир сут эммайди-ку!

Арслон кўкси ийиб борар…

                                      1977

Саволлар кутмоқда

Фалакда айланар офтоб – меҳрибон,

Фарзандлар бахтига яшар она ер.

Ўз умрин яшайди ҳар бир тирик жон,

Тириклик ўзи – бахт,

Тириклик – тақдир.

 

Бировга кам тегар,

Бировга кўпроқ,

Ўз умрин яшайди ҳар бир тирик жон.

Бизларни яратган шу қодир тупроқ

Жамики хилқатга ёзар дастурхон.

 

Хўш, нима етмайди –

Либосми? Нонми?

Не боис одамлар тинчимас, тинмас?

Не учун сотарлар гоҳо иймонни,

Эвазига нени қилурлар ҳавас?

 

Не сабаб одамзод дилида қутқу,

“Қасд” деган даъвога не эрур боис?

Панд бермоқ,

Маҳв этмоқ –

Бу қандай орзу,

Буюклик шуми ё оқил халойиқ?

 

Поклик етишмасми фаррух заминда,

Қабоҳат меваси қайдан узилгай?

Меҳр етишмасми офтоб азимда,

Ғазабдан нечун қалб хуружга келгай?

 

Севгидан гап кетса –

Бу қадим дунё

Муҳаббат баҳсидан битилган достон.

Адоват рамзими ё қодир Худо,

Не сабаб қалтирар беҳаловат жон?

 

Изҳори ишқ учун сўз каммикин ё?

Севги баёти-ку муборак лисон!

Инсонга муҳаббат қилгувчи бунёд

Тиллардан не сабаб сачраб кетар қон?!

 

Тўғри сўз етмасми тил бисотида,

Недан пайдо бўлар фисқу фасодлар?

Инсоний туйғулар пок қанотидан

тиб келар нечун ақлли зотлар?

 

Ҳақиқат етмасми ё унга ишонч?

Ер – она экани ҳақмасми, ўртоқ?

Ҳақмасми, бор хилқат ялонғочу оч

Қолмагай то тирик шу она тупроқ?

Она ер – дастурхон,

Жам бўлиб аҳил

Бир-бирин сийламас нечун одамзод?

Таом бор,

Қуролга не важ бор, ахир,

Қисматин ўйламас нечун одамзод?

 

Нечун? Нечун? дейсан дилни ўртаб дард,

Ярадор тил учун бу қандай азоб?!

Одамзод, ўзингсан энг қодир хилқат,

Саволлар кутмоқда,

Қисматинг – жавоб!

1980

 

Эркинлик

Саъдуллога

Серғулу дарёга термуламан жим,

Увишиб кетади қалбим…

Бу – не сир?

Шу баланд қирғоқлар бор экан токим,

Шу оташ тўлқинлар мангуга асир!

 

Тўлқинлар ёлворар,

Ғазабга келар,

Пурвиқор қирғоқлар қилмаслар парво.

Тўлқинлар уларни тинмай емирар,

Емирар, қирғоқлар бўлмаслар адо!

 

Бу қандай синоат?

Қочгим келади.

Нега керак бехуд ўртамоқ бағир?

Бечора тўлқинлар қайдан билади

Эркинлик уларга ўлимдир, ахир!

                                               1974