Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Аскар мактуби: Ишончингизни оқлайман

Ассалому алайкум, йўлларимга интизор отажон, онажон!

Мени хизматга кузатганингизда “Ўғлим, Ватанни сев, ардоқла, халқимизнинг тинчлиги, осойишталигини кўз қорачиғингдек асра, биз сенга ишонамиз”, деб айтган ўгитларингиз қулоғимда жаранглаб турибди.

Ҳарбий хизмат мен учун катта мактаб бўлди. Талабчан командирларим мустақил фикрга эга бўлиш, қийинчиликларни сабр-бардош, ақл-идрок билан енгиб ўтишга ўргатмоқда. Бунда ҳарбийлар оиласида улғайганим катта ёрдам беряпти.

Отажон! Эсингиздами ўн ёшимда она шаҳрим – Андижонда сиз билан дала-ўқув майдонига борганимиз? Ўшанда ҳарбий техникаларни, аскарларнинг машғулотларини кўриб, уларга ҳавас қилгандим. Бугун эса ўша ҳавасим, орзуларим рўёбга чиқди.

Яқинда сиёсий ва жанговар тайёргарликда ўрнак кўрсатганим учун командирлардан ташаккурнома олдим. Ташаккурнома, қолаверса, “Сени ўстирган ота-онангга раҳмат!”, дейишганида чин қалбдан қувондим.

Отажон, онажон! Курсант акамни, мени ва укамни ҳеч кимдан кам қилмай ўстирганингиз, тўғри тарбия берганингиз учун Сизлардан бир умр қарздормиз. Яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни билан ҳам аввало, Сизларни табриклайман.

Агар рози бўлиб, оқ фотиҳа берсангиз ота касбини танлаб, шартнома асосида ҳарбий хизматни давом эттириш ниятидаман. Сизларнинг дуоларингиз зиммамдаги бурчимни шараф билан адо этиш, ишончингизни оқлашда мадад бўлади.

Сизларни соғинган аскар ўғлингиз Аҳрорбек АБДУҲАМИДОВ, Самарқанд шаҳри.