Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Аскарнинг онаси оддий аёл эмас

Самарқанд шаҳрида Ватан ҳимоячилари куни олдидан “Аскар оналарини шарафлаймиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда самарқандлик аскарларнинг оналари ҳамда Самарқандда ҳарбий хизматни ўтаётган йигит иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги масъул ходими, подполковник Т.Холматов йиғилганларни байрам билан табриклади.

– Ҳарбийларнинг онаси оддий аёл эмас, ватан учун, шу юрт ҳимояси учун мард ўғлон тарбиялаган мўътабар инсонлардир, – деди Т.Норбоева. – Уларнинг ҳар бири эъзозга, шарафга муносиб. Бугун оналаримиз фарзандларини ҳарбий хизматга жўнатар экан, кўнгли хотиржам, юрагида ҳадик йўқ. Сабаби, аскар болаларига яратилган шарт-шароитларни ўз кўзлари билан кўриб келмоқда, улар билан гаплашиб, сўзлашиб турмоқда. Мана шу имкониятларнинг ўзи ҳам оналар учун давлатимиз томонидан эътибор намунаси эмасми.

- Ўғлим Қорақалпоғистон Республикасида хизмат бурчини ўтамоқда, - дейди Нуробод тумани Амир Темур маҳалласида истиқомат қилувчи Ширин Бердиқулова. – Яқинда унинг ҳарбий қисмида бўлиб, хизмат жараёнлари, яшаш шароитларини кўриб келдик. Армида фарзандларимиз жисмонан чиниқиш баробарида пухта билим олаётганига гувоҳ бўлдим. Ўғлим туфайли шундай тадбирларда қатнашаётганимдан хурсандман.

Анжуман давомида аскар йигитларга совға-саломлар тарқатилди, оналар мадҳ этилиб, қўшиқлар куйланди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.