Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Асл эркакни аёл тарбиялайди

Ўзини қадрлайдиган аёлларни яхши кўраман. Аёл фитратида худбинлик бўлиши керак...

Қиз бола дунёга келган кунидан бошлаб уйдагиларнинг диққат-эътиборида. Ўзининг ҳам назаридан ҳеч нарса четда қолмайди. Митти қўлчаларини чўзиб, ширин табассуми билан ҳаммани “эритади”. Оталарнинг пойабзалини ялтиратиб қўйган ҳам, оналарнинг оғирини енгил қилган ҳам шулар. Вояга етар экан, оилада ҳамманинг хавотирию ҳадигига айланади. Қиз бола-да!

Биринчи марта совчилар сўроқлаши оилани бир қалқитади, ҳамма бир-биридан кўзини олиб қочади. Азалий тақдир “бировнинг хасми” деб аталса-да, одам ўзининг қизига истисно истаб қоларканда. Демак, қиз бола доимо оиланинг ардоғидаги омонат.

Кун келиб узатилади. Энди ўзининг уйи, рўзғори бор. Гарчи билдирмасада, қайнона ич-ичидан боласидан ортиқ суяди келинини. Қайнота-ку доим келин томонида: “Бировнинг боласи ўксимасин”.

Йигит зиммасига оилани олгач, аёл номли хилқатнинг бош эгаси бўлиб қолмай, кўнглининг, хаёлларининг ҳам эгасига айланади — “бошида эгаси бор”. Турмушда нимаики аччиқ-чучук бўлса, шу эгалик нуқтаи назаридан муаммолар бартараф этилади. Фарзандлар туғилиб, ташвишлар каттаргани сари аёл янада кўпроқ эътиборда. “Онажон, дарсимга ёрдам беринг”, “Онажон, кийимимни дазмоллаб беринг”, “Онажон...” Оналик мақомининг ширин ташвишлари... Қачон эътибордан қолибди она деган улуғ зот.

Фарзандлари улғая боргач, эгасининг ардоғига уларники ҳам қўшилади — “онамни даволатишим керак”, “онам хавотир олади, уйга эрта боришим керак”.

Ҳаётда бу. Баъзан аёллар умрининг қайсидир чорраҳасини ёлғиз кесиб ўтади. Яқинлари бу кемтиклик, ёлғизлик, эгасизликни билдирмасликка уринади, эътиборини кучайтиради. Шу ўринда “Галатепалик авлиё” фильмидаги бир лавҳани ёдга олсак. Бева аёлга совчи келганида, у “Бошимда ўғлим бор, билмасам”, деб жавоб қилади. Демак, у турмуш ўртоғидан кейин шу норасида боласига юкиняпти. Ўз ўрнида уни оиланинг ягона эркаги сифатида тарбиялаяпти. Ҳатто мен ҳам сенинг қўлингдаман, деб ўргатаяпти унга. Асли ҳамиша, ҳамма замонда асл эркакларни ОНАлар тарбиялаган. Шунинг учун улар ҳеч қачон ёлғиз эмас.

Ўзбек аёлига баҳо берганда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асаридаги Кумушбибини кўп тилга оламиз. Эрининг уйланишига “Мен кўндим!” дейди. Отабек бир сапчиб тушади. Кумушбиби йиғлаши, тўполон қилиши мумкин эди. У буни қилмади. Кучини ҳам, фаросатини ҳам шу ожизлигида намоён этди. Мана аёл! Бундай аёллар муҳаббатга, шарафланишга лойиқ. Кимдир уни бахтини бой бериб, қурбон бўлган аёл санар, аммо аслида у энг ақлли, эгаси наздида янада юксалган аёлдир.

Қизлардаги ўктамлик, шижоат ҳамиша ҳаёдан озиқланади. Барчинойнинг куёв танлашда қўйган шартларини олайлик — ҳар бир шартида ўктамлик пардасига ўралган қизлик ҳаёси, илинжи, илтижоси ва ғурури сезилиб туради. У бўлди, Алпомиш шунча йўлдан мен учун келди, у билан кетаман, демади. Унга совчи қўйганларнинг иззат-нафси учун ҳам шарт қўйди. Алпомишнинг ғолиб бўлишига ишончи бўлса-да қалмиқ элининг баҳодирлари олдида хавотири ҳам бор эди. Лекин адолатга дарз кетмаслиги аёл наздида биринчи ўринда турди.

Ёки шу достондаги бутун асарни ҳаракатга келтирган, ҳатто Алпомиш ва Барчиной, Қалмиқ юрт тақдирида ҳал қилувчи аҳамият касб этган Қалдирғоч образига тўхталсак. Бойсари акасидан аразлаб, кўчини олиб Қалмиққа кетди. Алпомишдай ботир “Бир хотин деб олти ойлик йўлга бораманми”, деб ўтирибди. Шунда Қалдирғоч “Оринг қани, ғуруринг қани, эркак бўлсанг, чечамни олиб келасан!” дейди. Мана, бутун достонга куч берган мунглиғгина образ.

“Эртага саройдан ўзингизга керакли барча нарсани олиб, уйингизга кетинг!” деган сўзни Амирийдан эшитган Нодирабегим ухлаб ётган эрини аравага ортиб, йўлга тушади. Уйғониб кетган умр йўлдошига “Саройда ўзимга керакли Сиздан бошқа нарса топмадим”, деб жавоб беради. Аёллар доимо ўткир фасоҳати билан эркакларнинг кўнглидан жой олишган. 

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Сўз бошида айтилганидек, аёл ўзини яхши кўрса, оиласини, фарзандлари вояга етаётган жамиятни яхши кўради. Шу жамият ривожи йўлида АЁЛ бўлиб елка тутиб беради.

Манзура ШАМС.