Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл”

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган бир гуруҳ “зиёлилар”нинг  рус тилини давлат тили мақомига кўтариш борасидаги таклифини ўқиб жим тура олмадим.

Бундан 20 йиллар олдин Самарқанд давлат чет тиллар институтининг профессори, марҳум устоз Иноятулла Сувонқулов  Самарқанд шаҳрининг ҳар бир кўчаларини пиёда кезиб, уларни буюк бобокалонларимиз номлари билан аташда фидойилик кўрсатганлигини кўпчилик зиёлилар яхши билишади.

У киши билан учрашганимда доим қўлида аллақандай қоғозлар - ҳужжатлар кўтариб юрганига гувоҳ бўлардим.

- Бугун ҳокимга кирдим, мана бу кўчани, мана бу буюк бобомиз номи билан атадик, буниси эса, мана бу файласуф бобомиз номи билан аталадиган бўлди, - дер эди раҳматли устоз.

- Домла доим эл ташвиши билан юрасиз. Сизга ўхшаган фидойи олимларимиз  кўпайсин, - десам “Қизим, билмайсиз, олимлар, зиёлилар ичида ҳам Мустақиллигимизни ҳалигача қабул қила олмаётган, тилимизнинг ривожланишини хоҳламайдиганлари ҳам бор”, деган эди.

Устознинг гапи  бугун ўз тасдиғини топди. Биз ҳавас қилган олимлар, қўшиқларида, ижро этган ролларида бизга Ватанни, ўзликни севишни ўргатган айрим (санъаткорларимиз) “зиёлилар”нинг  таклифи кўпчиликни бир тўхтаб мулоҳаза қилишга чорлади.

Уларнинг даъвоси бу шунчаки таклиф эмас. Бунинг тагида манфур ғоялар ётгандек гўё.

Қўпол бўлса-да, мурожаат айнан Россия ташқи ишлар вазирининг мамлакатимизга ташрифи арафасида эълон қилиниши юртимиздаги 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг иноқлигига раҳна солишга уриниш, дея баҳолаш мумкин.

Ёки бошқа томондан қараганда, бу “мулозамат” куракда турмайдиган хушомаднинг ўзгинаси. Уларга шу тобда  “Аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл”, дегим келди.

Мазкур мурожаатдан сўнг, Ўзбекистоннинг ҳақиқий зиёлилари бир мақсад, ғоя йўлида бирлашганлиги таҳсинга сазовор. Уларнинг орасида марҳум домла Иноятулла Сувонқулов каби фидойи инсонлар кўплигига ҳам ишонаман. 

 Аммо юртимизда ўзбек тили тарғиботи борасида ишлар ҳақиқатда қониқарли эмас. Тошкент, Самарқанднинг марказий кўчаларидаги паннолар, дўкон пештахталардаги ёзувларнинг ўзбек тилидан кўра, хорижий тилларда ёзилгани кўпроқ. Ваҳоланки, бундай номлар аввало, давлат тилида ёзилиши керак.

Биз ҳар гал тил ҳақида сўз очилганда, буюк бобокалонимиз Алишер Навоий қолдирган бой мерос, унинг жасорати билан фахрланишимиз камлик қилади. Унга муносиб аждод бўлишимиз керак.

Бахтигул Қаршиева,

журналист.