Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Атрофдагилар - аксимиз. Омадсизлигимиз учун уларни айблаш бефойда

Биз айбдорликка асосланган, суд жараёнлари, норозиликлар, кўрсатмалар стереотипи даврида яшаяпмиз, доимо бошқаларнинг хатти-ҳаракатларидан хафа бўламиз.

“Қандай қилиб?”, “Бу нима деган гап?”. Бу сўзларни ғазаб билан айтаётган кишини кунора учратамиз. Биз барчани ва ҳамма нарсани айблашга ўрганиб қолганмиз ва бу вазиятлар ўзимизнинг ҳаракатларимиз натижаси эканлигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

Гап шундаки, кўпчилик “ҳар ким ўз йўлида” қабилида иш тутиб, бизнинг ҳаракатларимиз бир-биримизга ҳеч қандай боғлиқ эмаслигига ишонади. Худди ёмон одамлар бор, лекин биз бекаму кўст, тарбияли, бошқачароқмиз дегандай. Аслида эса бундай эмас, атрофдагиларимиз бизнинг гўё кўзгудаги тасвиримиздир.

Бу шуни англатадики, биз жаҳл қилиб, ғазабланганимизда хоҳласак, хоҳламасак ўз ҳис-туйғуларимизни бошқа одамларга ўтказамиз. Дўстларимиз ёки оила аъзоларимизни қўпол муомала қилишида айблаганимиз эса ўзимизнинг беададлигимиз ёки қўполлигимизни намоён қилади.

Ҳаётни алдаб бўлмайди: биз экканимизни ўриб оламиз.

Ғазаблансак – атрофда ҳамма хўмрайган ва қўпол кўринади,  қувонсак - бизни табассум ва меҳр билан кутиб олишади.

Истасак истамасак, бу аччиқ ҳапдорини ютишимиз керак – йўлимизда учрайдиган ҳар бир инсонўз аксимиз эканлигини англашимиз керак. Бунга рози бўлиш осонмас, чунки нима учун ғазабланганимиз учун жавобгарликни ўз зиммамизга олишдан кўра вазият ёки бошқа кишини айблаш осонроқ-да.

Лекин, биз аввал ўз ҳис-туйғуларимизни жиловлай олиб, бошқаларни айбдор эмаслигини тушуниб олсак, вазият ҳам ўзгаради. Бу эса ҳақиқатни идрок этиб, оғриқ, ғазаб ва қайғудан воз кечишга ёрдам беради. Гарчишундай эканлигини тушуниб олсак ҳам, табиийки, бу иш бир икки кун ичида амалга ошмайди.

Ҳар бир нарса биз хоҳлагандай бўлиши учун, бошқаларни бармоқ билан кўрсатмасдан, уни биринчи навбатда ўзимиз томонга йўналтириш жуда муҳимдир. Бу аввало ўзимизни ўзгаришимизга, ҳаётимизни яхши томонга ўзгартиришга ёрдам беради: бошқалар билан муносабатимиз яхшиланиб, асабийлашмасдан, ҳаётдан завқлана бошлаймиз.

Бизнинг кайфиятимиз атрофимиздаги дунёга таъсир қилади, шунинг учун қанчалик очиқ ва самимий бўлсак, бизга қарата жавоб ҳам шундай бўлади. Омадсизлигингиз учун бошқаларни айблашни бас қилинг, шундагина ҳаётингиз осон ва енгил кечади!

Баҳора МУҲАММАДИЕВА.