Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Автобус техкўрикдан исталган пайти ўтадими? Йўловчилари биланми?

Самарқанд шаҳрида автобусда юрганлар билади, кунда-кунора йўловчи ташиш автобуслари қувлашмачоқ ўйнайди. Гўёки, улар автобусда одам ташиш билан шуғулланмайди, аксинча, кимузарга пойга ўйнайди.

Агар ортидан шу йўналишда бошқа автобус келаётган бўлса борми, кондуктор йўловчиларга: “Тезроқ тушинглар ёки тезроқ чиқинглар”, деб дўқ уради.

Автобус ҳайдовчилари тезликни ошириб ҳайдаши ҳақида кўп бор айтилди, аммо ҳеч қанақа натижа кўринмаяпти. Йўналишим тўғри келгани учун, доимий равишда шаҳар ичида қатновчи 99-автобусда кўп юришимга тўғри келган. Ундаям шу аҳвол. Бир куни тезликни оширмаслик ҳақида танбеҳ берсам, ҳайдовчидан «ундай бўлса орқа томонга бориб туринг», деган гапни эшитдим. Катта ёшдаги кишилар, ёш болали оналар томонидан ҳам бир неча марта норозилик мазмунидаги фикрларга ҳайдовчи парвойи палак.

Бир куни йўловчиларга тўла, ўша рақамли йўналишдаги автобус гаражга қараб ҳайдаб юборса бўладими?! Автобусда озроқ носозлик бор экан, шуни кўрсатиб, тузаттириб, кейин яна йўлида давом этди.

- Олдин ҳам шунақа қилгандиларинг, йўловчининг ҳурмати йўқми, - деди автобусдаги отахон. – Ахир автобусни эрталаб кўрикдан ўтказиб, сўнг ишга чиқмайсизларми?

Аммо бу гаплар ҳавога учгандай бўлди, на ҳайдовчи, на кондуктор бирор фикр билдирмади.

Гулҳаё АСАТУЛЛАЕВА.