Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Автобуслардаги болғалар “ўғирланган”, инсонлар ҳаёти хавф остида(ми?)

Сўнгги пайтларда интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама этилган мавзулардан бири - Самарқанд шаҳридаги трамвайда бир гуруҳ ёшлар томонидан жорий йилнинг 4 июль куни содир этилган ҳолат, аввало, кишилар кўнглига ваҳима солган бўлса, яна бир жиҳати, инсон доимо огоҳ бўлишлиги фойдадан холи эмаслигини кўрсатиб қўйди.

Ҳеч эътибор берганмисиз, Самарқанд шаҳри кўчаларида ҳаракатланаётган автобусларда фавқулодда вазият содир бўлганда инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун қандай эҳтиёт чоралари кўрилган? Айни пайтда хаёлингизга эшик ёнида қистириб қўйилган ҳалокат болғаси келган бўлса, ажабмас. Аммо аксарият автобусларимизда бу болғанинг жойи ва унинг ёнида “ҳалокат болғаси” деган ёзувга кўзингиз тушадию, бироқ ўзини тополмайсиз.

Энди тасаввур қилинг, трамвайдаги ҳазил қилмоқчи бўлган “пранк”чи ёшлар иштирокида эшиклари ёпиқ автобусда шу воқеа бўлганида қандай вазият юзага келарди. Мабодо эшиклари  ёпиқ автобуснинг ҳайдовчисига кимдир чиндан ҳам ҳушдан кетгазувчи суюқлик сепганда ёки шунга ўхшаш бошқа бир фавқулодда вазият содир этилганда-чи?

Шундай вазиятда автобуснинг ойнасини синдириш учун мўлжалланган болғани ҳайдовчидан сўрасангиз, кимдир ўғирлаб кетган дея жавоб бериши табиий. Балки у ҳақдир. Аммо нима бўлганда ҳам йўловчи ташувчи транспорт воситалари талаб даражасида жиҳозланганлиги доимий назоратда бўлиши керакмасми? Бунга нафақат масъул шахслар, ҳайдовчилар, балки кенг жамоатчилик ҳам  беэътибор бўлмаслиги зарур!

Тўлқин СИДДИҚОВ.