Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аянчли тақдир ёхуд жасорат намунаси

«Самарқанддан чиққан «Ўзбек эшелони» белгиланган манзилга ўнинчи июл куни ярим кечаси етиб келди. Икки ҳафта йўл босилди. Поездда икки ҳафта вақт беҳуда кетмади: қўмондонлар шу кунгача оддий ҳаёт кечириб келган, энди эса дабдурустдан Қизил армия аскарига айланган ёш-ялангга энг содда, аммо муҳимдан-муҳим ҳарбий машқларни: милтиқ, пулемёт, гранатани қандай отишни, қўл жанги усулларини оз бўлса-да ўргатишди.

«Янги аскарлар» вагон ойналаридан кичикроқ бир бекат – яримвайрона вокзал биносини кўришди. Бинонинг том қисмига снаряд ёки авиабомба тушиб пачоқ қилган – бекат номини билиб бўлмасди... Ўзбек аскарлари айнан фронт ўчоғига келиб тушишганини сезиб туришарди”.

Ушбу парча яқин тарих, аниқроғи, Иккинчи жаҳон урушининг машъум воқеалари, 1941 йилнинг сентябр ойида Россиянинг Смоленск шаҳрида немис фашистлари билан кечган жангда асирга тушган 101 нафар ўзбек йигитининг аянчли тақдири ҳақида ёзилган китобдан олинди.

Анвар Иргашев ва Юлия Медведовская ёзган (Тошкент шаҳри, “Ёшлар нашриёт уйи” нашриёти, 2019 йил) мазкур роман - “Бир юз бир” деб номланган. Асар сюжетига реал воқеа, ана шу бир юз бир ўзбек жангчисининг уруш йилларидаги фожиали тақдири, Амерсфорт конслагерида дўзах азобига мардона дош берган ҳолатлари асос қилиб олинган. Ачинарлиси, бу аскарлар Гитлернинг маккорона режасини буткул барбод қилгани ва фашистларнинг жаҳон тарихини бошқа ўзанга буриб юборишига тўсиқ бўлганини билмай ҳалок бўлишган.

Асарда ёзилишича, Голландиянинг Амерсфорт шаҳри яқинидаги совет қабристонида 865 нафар совет аскари кўмилган, улар орасида 101 аскарнинг шахсияти ва исмлари йўқ. “Номаълум совет жангчиси“, деган битик туфайли тадқиқотчи Ремко Рейдинг бу воқеа юзасидан архив маълумотларини ўрганиб, уларнинг ўзбек жангчилари эканини аниқлайди. 18-34 ёш оралиғида бўлган бу аскарлар 1941 йилнинг 10 июлидан 10 сентябргача Смоленск шаҳрида кечган урушда қатнашиб, фашистларга асирга тушиб қолади. 27 сентябрда Амерсфорт конслагерига келтирилади ва улар 1942 йилнинг 9 апрелда конслагер яқинидаги ўрмонга олиб чиқиб, отиб ташланади.

Дарвоқе, романни ўқир экансиз, 101 нафар ўзбек йигити ўзларининг мардлиги, жасорати билан голландияликлар қалбидан жой олганлигига амин бўласиз. Шунинг учун ҳозиргача Амерсфорт шаҳри яқинидаги ўрмонда ҳар баҳор юзлаб голландлар тўпланади ва улар 9 апрел, тонг саҳар ўрмонда 101 та шам ёқади.

Акрам БЎРИЕВ.