Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аёл кишининг прокуратура идораларида ишлаши қийинми?

Прокуратура органларида ҳақиқий фидойилар ишлай олади. Мен учун прокуратура органларида ишлаш – ФАХР! Шундай нуфузли тизимда хизмат қилиш, даражали унвонлар тақилган хизмат формасини кийиб юриш - катта масъулият. Салкам 18 йиллик иш фаолиятим давомида “адлия маслаҳатчиси” унвонига эришдим. Иш ўрганувчи сифатида иш бошлаб, турли лавозимларда босқичма-босқич хизмат қилдим.

Оилалиман, уч нафар фарзандим бор. Албатта бундай маъсулиятли лавозимда ишлаш билан бирга оиладаги бекалик вазифамни ҳам бирдек уддалаш, фарзандлар тарбиясига вақт ажратиш икки карра кўпроқ масъулият, қатъият ва шижоат талаб қилади.

Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан ташкомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан билан хотин-қизлар ва оилалардаги муаммоларни ўрганиш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ўз вақтида аниқлаш, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам бериш, олис қишлоқларда яшовчи аёлларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларга манзилли кўмак ажратиш мақсадида уйма-уй юриб, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш вазифалари белгиланди.

Вилоят прокуратураси томонидан худудий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган 678 нафар хотин-қизларга манзилли ёрдам берилди, иш билан таъминлаш, ҳунармандчиликка, тадбиркорликка жалб этиш чоралари кўрилди.

Қишлоқларда яшаётган 60 нафарга яқин имконияти чекланган аёллар йирик корхона ва ташкилотлар кўмагида касаначилик асосида ишга қўйилди.

Ўрганиш давомида уй-жойга муҳтож, ишсизлиги ёки даромади етишмаслиги сабабли уй олиш учун имконияти етарли бўлмаган 255 та оилалар аниқланиб, уларни уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

19 минг 148 нафар ногирон хотин-қизларнинг рўйхати аниқланиб, уларнинг оилавий шароитлари, ижтимоий аҳволи ўрганилди ҳамда вазият ва шароитидан келиб чиқиб тегишли ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Вилоят миқёсида жами 560 та нотинч, муаммоли оилалар мавжудлиги аниқланди. Улар билан яқиндан ишлаш натижасида ажрим ёқасига келиб қолган кўплаб оилалар яраштирилди.

Жазо муддатини ўтаб қайтган 5 нафар хотин-қизга ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатилиб, улар тиббий кўрикдан ўтказилди ва ишга жойлаштирилди.

Хизмат вазифамизни бажариш, қонунчилик ижросини таъминлаш асносида шунча инсонга ёрдамимиз тегаётганининг ўзи касбимизнинг нечоғлик муқаддас эканлигини кўрсатади. Прокуратура органларида ишлаб, жамиятимиз ривожига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бахтиёрман.

Норсулув Сойипова,

Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари.