Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Азалдан яхши ташаббуслар ёшлардан чиққан. Жамиятдаги муаммоларни ҳал этишда уларнинг имкониятларидан фойдаланиш зарур

Асосий таянчимиз ҳамиша ёшлар бўлиб келган. Биз барча ишларда уларга суянамиз. Имкониятлардан унумли фойдаланиб, иқтидорини фойдали машғулотларга сарфлаётган, илм йўлларидан кетаётган, ҳунар эгаллаётган, оиласига, яқинларига, жамиятга хизмат қилаётган йигит-қизлар миллатнинг ва давлатнинг мулки, хазинаси саналади.

Фаолиятим бевосита таълим муассасасида кечгани сабаб ёшларни кўп кузатаман. Баъзан бир хулосага келиш қийин. Шундай талабалар борки, оиласи ва институтнинг фахри, бир неча тилларни билади, мақсади қатъий. Келажакда етук мутахассис бўлиб, шу юртга хизмат қилишни хоҳлайди. Баъзи бировлар эса “енг ичида” иш битиришни истайди, дарс-машғулотларга келмайди, имтиҳонлар пайтида пайдо бўлиб, кўпчиликнинг асабини эговлайди. Айрим “устозлари” (афсуски, орамизда шундай буюк номга доғ туширувчилар ҳам бор) кўмагида “баҳо”сини олишга интилади.

Олий таълим тизимида бу каби муаммоларни бартараф этишга, коррупцияни йўқотишга интиляпмиз. Аммо аҳолисининг 60 фоиздан кўпини ёшлар ташкил этувчи мамлакат учун бу анча оғриқли масала. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшлар ҳар доим миллат ва мамлакат учун, унинг тараққиёти, бугуни, эртаси учун йўлчи юлдуз, маёқ вазифасини ўташи керак, назаримда.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг янги йилнинг биринчи иш кунида бўлиб ўтган ёшлар билан учрашувида ушбу фикрларим янада қатъийлашди.

 Ёшларимиздан кўп нарсани кутамиз. Ҳукуматимиз томонидан улар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар қачон ўз натижасини кўрсатади?

Бугунги ёшлар бундан 10, 20 йил олдингиларидан кескин фарқ қилади, албатта. Бу фарқ нималарда кўринади? Албатта тараққиётда, кишиларнинг дунёқараши ўзгарганида, турмуш шароитлари яхшиланганида, техника ва технологияларнинг мукаммаллашганида.

Бугун кишилик жамияти интернет асрида, юксак технологиялар ривожланган замонда яшаяпти. Демак, имкониятлар ҳам шунга яраша юқори. Аммо ёшлар бу имкониятдан унумли фойдаланяптими? Вақтларини ижтимоий тармоқларда сафсата сотиб ўтказаётганларга ачинасан, киши. Интернетнинг кучидан оқилона фойдаланмасликнинг бундай оқибати хайрли бўлмаслиги аниқ.

Тадбирда талаба-ёшлар вилоятда улар учун Медиамарказ очиш таклифини илгари сурди. Вилоят раҳбаридан яна кўп нарсаларни ташкил қилиб беришини сўрадилар. Бу таклифлар албатта, жуда яхши таклифлар  бўлиши мумкин. Аммо улар яна бир нарсага эътибор беришса, ўзларидаги мавжуд имкониятларни ишга солишса, самаралироқ бўлади.

Эътибор беринг, қўлингиздаги миттигина қурилма (мобил телефон) қандай мўъжизалар яратишга қодирлигини англаб етаяпсизми? Биргина, мобил телефон аппарати билан ҳам кўп ишларни бажариш мумкинлигини ўзингиз ҳам билсангиз керак.

Аввал ана шуни бажариб олайлик, иш кўрсатайлик! Ҳамма шароитлар муҳайё бўлса-ю, иш кетмаса бундан ёмони йўқ.

Муаммони суратга олинг, ижтимоий тармоққа жойланг, унга жамоатчилик эътиборини қаратинг - бу сизнинг жамиятдаги муаммоларга бефарқ эмаслигингизни кўрсатувчи омил! Сўнг Сизга бундан-да яхшироқ, бошқа шароитларни яратиб беришсин.

Ёдимда, бундан бир неча йиллар бурун Москва шаҳридаги ёшлар бир ташаббус билан чиқиб, уни муваффақиятли амалга оширганди. Уларнинг хатти-ҳаракати натижасида Россия пойтахтидаги жамоат транспорти муаммолари анча тартибга келди.

Дунёга машҳур шаҳримизда ҳам шундай муаммо мавжуд. Нега самарқандлик кўнгилли ёшлар жамоат транспорти муаммоларини ўрганиб чиқмайди? Қайси бекатга, қайси автобуслар қачон келиши, йўналишлари, ҳар неча дақиқада келиши, уларнинг мониторларда акс эттирилиши ва ҳоказо муаммоларни талабадан зиёд ҳис этадиган, дуч келадиган йўловчи йўқ. Агар бу масала тизимли ўрганиб чиқилса, муаммолар бартараф этилиб, транспорт қатнови анча тартибга тушади, аҳолининг норозиликлари ҳам камаяди. Бу ҳам эътибор беришимиз керак бўлган ижтимоий муаммолардан бири эмасми? Дунё эътиборида бўлган ва сайёҳларнинг қадами йил бўйи узилмайдиган қадим шаҳримиз учун бу жуда муҳим масала.

Тарихдан маълумки, кўпинча ёшлардан яхши ташаббуслар чиққан. Биз катталар бу ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ва сизга кўмак беришга ҳамиша тайёрмиз.

Худойназар ЮНУСОВ,

биология фанлари доктори, профессор.