Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Азиз Президент стипендиясини қўлга киритди

Бу сўзлар табиий фанлар таълим йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясини қўлга киритган Азиз Самадовнинг онаси Раъно Мастоновага тегишли.

Азиз 1989 йил 25 июлда Самарқанд шаҳрида туғилган. 42-умумий ўрта таълим мактабида, сўнгра Самарқанд иқтисодиёт коллежида ўқиган. Ҳозирда СамДУнинг "Амалий математика ва информатика" таълим йўналиши 4-босқич талабаси. Унинг ахборот хавфсизлиги, шунингдек, амалий дастурлаш масалаларига бағишланган илмий мақола ва тезислари мамлакатимиз ҳамда чет элдаги турли илмий журнал, илмий-амалий конференция материаллари тўп­ламларида чоп этилган. У дарс машғулотларида фаол иштирок этиб, устозлари ҳамда тенгдошлари орасида ҳурмат қозонди.

А.Самадов устози Искандар Тўрақулов ёрдамида билимларини мустаҳкамлади ва 3 та амалий дастур яратиб, патент олди. У интилувчан ва тиришқоқлиги натижасида 2017 йилда Мирзо Улуғбек номидаги давлат стипендиясини қўлга киритганди.

– Айни пайтда "Амалий дастурлаш" мавзусида илмий изланиш олиб боряпман, – дейди Азиз Самадов. – Бу ишимни охирига етказиш учун магистратурани ҳам таҳсил олаётган даргоҳимда давом эттирмоқчиман. Мақсадим – янги лойиҳалар яратиш ва ўз устимда кўпроқ ишлаб, Ватанимга муносиб фарзанд бўлиш. Келажагимни мана шундай ғоя асосида яратаман ва менга билдирилган юксак ишончни, албатта, оқлайман.

Бобохон ПЎЛАТОВ.