Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Баҳодир Йўлдошев - миллий театримизнинг бош муаллими

Атоқли режиссёр, халқ артисти, санъат арбоби, давлат мукофоти лауриати, “Буюк хизматлари учун” ордени ва бир қатор халқаро мукофотлар соҳиби Баҳодир Йўлдошев 75 ёшни қарши оляпти.

Баҳодир Йўлдошев номини бугунги кунда нафақат санъат аҳли, балки барча театр ихлосмандлари яхши билади. Баҳодир Йўлдошев санъатнинг қаттиқ нонини татиган, оғир юкини елкасида кўтарган, пасту баландидан мардона ўтган зиёли оилада камол топгани ҳам бу йўлга тасодифан эмас, балки ижодкорга осойишта ҳаёт бегона эканини билган ҳолда кирганидан далолат беради.

...Санъаткорлик унинг насабида бор эди. Отаси Турсунбой Йўлдошев ўша кезлари театрда созанда бўлиб ишлаган, онаси Ширинхон Мелиева эса актриса бўлган. Баҳодир Йўлдошевнинг ижодий камолотида бу муҳит ҳал қилувчи омил бўлгани аниқ.

Баҳодир дунёга келгандан бери театр билан ҳамнафас. Туғилибдики, театрда кўкрак эмиб, театрда тетепоя бўлиб, театрда улғайди. Айниқса, уч ёшга тўлар-тўлмас онаси Ширин Мелиева Каттақўрғон театрига директор этиб тайинлангач, ётар-турар жойи театр бўлиб қолди. Секин-аста ёш болалар образи бўлган спектаклларда роль ижро этди. Ўша кезлари Зиннат Фатхуллиннинг “Ғунчалар” пьесаси анча довруқ қозонган эди. Шу асарда персонажлардан бири гўдагини қутига ташлаб кетади. Каттақўрғон театридаги спектаклда ана шу “ташландиқ бола” ролини Баҳодир Йўлдошев ижро этганди.

Унинг илк “режиссёр”лиги ҳам болалигидан бошланган. Еттинчи синфларда ўқиб юрган кезлари Каттақўрғон шаҳар маданият уйи қошида очилган театр студиясида илк бор Михаил Лермонтовнинг “Маскарад” шеърий драмасини саҳналаштирди.

Ўсмирлигида унинг олдида “Ким бўлсам экан?” деган савол йўқ эди. У санъат институтида ажойиб ўзбек режиссёри Тошхўжа Хўжаевдан сабоқ олди. Ленинград катта драма театрида машҳур санъаткор Георгий Товстоногов қўлида ўқиди. Режиссёр ва мураббий Александр Гинзбург билан ёнма-ён ишлади. Бу эса унинг режиссёрлик маҳорати ошишида катта ёрдам берди, десак хато қилмаган бўламиз.

У театрга етмишинчи йилларнинг бошларида келди. Ўша пайтдаги театр ва рассомчилик институтининг режиссёрлик бўлимини битираётган ёш режиссёр собиқ Ҳамза театрида илк бор А.Дюманинг «Нель минораси», М.Каримнинг «Ой тутилган тунда», Ф.Шиллернинг «Қароқчилар» асарларини саҳналаштиради.

Режиссёр кекса саҳна усталари ва ўрта авлод санъаткорларидан энг яхши сифатларни сақлаб қола олган ҳолда ва миллий анъналарни бузмаган ҳолда саҳна асарларини яратди. Шу ўринда Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» асарини мисол қилиш мумкин. Ушбу спектакл ўзининг миллийлиги, режиссёрнинг миллий мусиқадан унумли фойдаланганлиги, актёрларнинг эмин-эркин хатти-ҳаракатлари, саҳна безаклари билан томошабинларни ўзига мафтун қилди ва меҳрини қозонди.

Баҳодир Йўлдошев шунингдек тарихий асарларга янгича ёндошиб, янгича талқинда саҳналаштиришга ҳам қўл урди. У Туроб Тўланинг «Нодирабегим» фожиавий асарида XIX аср бошларида яшаб ижод этган машҳур шоира Нодирабегимнинг поэтик ижодини, фожиавий ҳаётини образли қилиб очиб беришда асар ечимини ўзига хос тарзда топа олди.

Саксонинчи йилларнинг ўрталарида Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асари саҳна юзини кўрди. Спектакл буюк шоир ва шоҳ Бобур ҳаётини янгитдан тирилтиргандек бўлди. Ҳар иккала тарихий асар режиссёрининг театрда миллий услубдаги изланишларини руёбга чиқарган спектакллар сирасига киради.

Б.Йўлдошевнинг ижоди у қадар силлиқ кечгани йўқ. Шуни айтиш жоизки, ҳар бир қўйган спектакли албатта бирор мансабдор шахс томонидан «тўғриланар», театр танқидчилари эса унга «мос» равишда ўзларининг танқидий мулоҳазаларини билдиришар эди. Айниқса, «Келинлар қўзғолони» спектакли устида кўп шов-шувлар бўлган. Муҳокамада бундай спектакль бош театрда қўйилиши мумкин эмас, деган фикрлар билдирилган. Лекин, вақт одил ҳакам деб бежиз айтишмаган. Етмишинчи йилларда қўйилган бу спектакл муваффақият билан қабул қилинди ва ҳали-ҳануз телевидение орқали мириқиб томоша қилинади.

1984 йили Баҳодир Йўлдошевни «Ёш гвардия»га (ҳозирги драма театри) бадиий раҳбар қилиб тайинлашди. «Миллий театрдан нима учун кетдингиз?» деган саволга у “Менга қийинчиликларни айланиб ўтишдан кўра, енгиб чиқиш афзалроқ” деган эди.

Саҳнада «Майсаранинг иши» асарининг қўйилиши кутилмаган янгилик бўлди. Ҳозир ортга, 80-йилларга назар сола туриб, бу асар бежиз қўйилмаган экан, деган хулосага келамиз. Бу спектакл «Наврўз-87» Марказий Осиё фестивалида олий мукофотга сазовор бўлди.

Б.Йўлдошев бутунжаҳон театр мутахассислари назарига тушди. У Калифорния (АҚШ) академияси ҳақиқий аъзолигига сайланди.

1997 йилдан бошлаб мамлакатимизда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш яхши анъанага айланиб қолди. Икки йилда бир бўладиган бу мусиқа байрамининг очилиш маросимида улуғвор Регистон майдонида театрлаштирилган катта оммавий томоша қўйиш ҳам урф бўлиб, уни саҳналаштириш муттасил Баҳодир Йўлдошев зиммасига юкланмоқда. Бу маросимлар шунчаки бир томоша эмас. Ҳар сафарги томоша бири-бирини такрорламайдиган, маҳобатли спектакллардир. Ана шу спектакллардан иккитасини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Улардан бири 2001 йили саҳналаштирилган “Буюк ипак йўли” томошаси. Кейингиси эса 2003 йилги “Шашмақом” дея шартли номланган бадиий хореографик композициядир.

Баҳодир ака вилоятимизда юқори савияда ўтган буюк олим мунажжим Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги, Хўжа Аҳрори Валий ҳазратларининг қутлуғ саналарига бағишланган тантаналарнинг театрлаштирилган томошаларига режиссёрлик қилди.  Вилоят мусиқали театри, Каттақўрғон драма театри, рус драма театрида давр руҳи, томошабин дидига мос спектакллар саҳналаштиришга ҳам вақт ажратди.

Б.Йўлдошев лойиҳаси асосида Каттақўрғонда қадимий томошагоҳ - Амфитеатр барпо этилди.

Айни кунда Б.Йўлдошев ўзи очган «Дийдор» театр студиясининг бадиий раҳбари сифатида жўшқин фаолият юритмоқда. Студияда ўзбек театрининг келажакдаги ворислари камол топишаётир.

...1995 йилнинг ёз ойлари. Каттақўрғонлик санъат мухлислари, республикамизнинг кўпгина шаҳар, туманларидан ташриф буюрган меҳмонлар шаҳар театрига жам бўлишганди. Шу куни муҳташам бинода санъат фахрийси Турсун Йўлдошевнинг муборак 85 ёшлиги, у кишининг садоқатли рафиқаси, Ўзбекистан Халқ артисти Ширин Мелиеванинг кутлуғ 75 ёши, уларнинг суюкли фарзандлари, таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг 50-баҳори тантанали нишонланганди.

Ҳа, эъзозли, эътиборли санъаткорлар оиласининг эгизак тўйлари том маънодаги шодиёнага айланганди.

...Орадан йиллар ўтди. Бугун Турсун ота ҳам, Ширин ая ҳам орамизда йўқ. Уларнинг фарзандлари Баҳодир эса ҳар гал Каттақўрғонга келганда, энг аввало, “Эшонмозор” қабристонига ошиқади, падари бузруквори ва волидаи муҳтарамаси қабрини зиёрат қилади.

Ота-оналари, бобою момоларининг ушалмаган орзу армонларини сулоланинг содиқ фарзандлари - Баҳодир, Бобур Йўлдошевлар, келинлар руёбга чиқармоқда.

Абдуазиз Ҳошимов,

Ўзбекистон Журналистлари ва Театр ижодкорлари уюшмалари аъзоси.