Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Балоғат ёшидаги икки ўғилли онанинг уйини нега давлат таъмирлаб бериши керак?

- Аҳоли томонидан билдирилаётган сўровларнинг аксариятини уй-жой сўраб мурожаат этганлар ташкил этмоқда. Қайта таъкидлайман, бошланғич бадал тўловини амалга оширмаган фуқарога уй берилмайди. Ҳақиқатан, ҳеч кими йўқ, уйга ўта муҳтож фуқаролар бўлса, марҳамат, ёрдам берамиз.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Иштихон туманида фуқаролар билан ўтказган навбатдаги сайёр қабулини ана шундай мурожаат билан бошлади.

- Маҳалламиз қабристонига ажратилган 5 гектардан зиёд ер майдонини одамлар ноқонуний ўзлаштириб оляпти, - деди Иштихон туманидаги Хонақо маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ю.Алимов.

- Қабристонга ажратилиб, йиллар мобайнида бўш турган ҳудуддан аҳоли вақтинча фойдаланаётган бўлса, бунинг нимаси ёмон? - деди ҳоким. – Агар қабристонга тегишли жойга тош тўкиб, ноқонуний иморат қуриш, ерларни участка сифатида ўзлаштириш ниятида бўлаётганларнинг бу хатти-ҳаракатларига чек қўйиш лозим.

Туман кадастр ва диний идора мутасаддиларига мазкур масалани ўрганиш ва тегишли чораларни кўриш вазифаси юклатилди.

Боғбон қишлоғилик, турмуш ўртоғи вафот этгач, тўрт фарзандини боқишда қийналиб, соғлигини йўқотган Ф.Санақуловага саломатлигини тиклаш учун кўмак беришни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари зиммасига олишди.

Вилоят ҳокими йўл қурилиши, табиий газ таъминоти, ичимлик сув, мактабгача таълим муассасалари муаммолари билан боғлиқ аҳоли мурожаатларини тинглар экан, коммунал хизмат борасидаги мавжуд муаммоларни рўй-рост ошкор этди:

- Вилоятнинг 62 фоиз аҳолиси табиий газ билан таъминланмаган. 2250 километрдан зиёд ички йўлларимиз таъмирга муҳтож. Бу муаммолар босқичма-босқич бартараф этиб борилмоқда.

Қабул давомида вилоят ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари аҳолининг 270 дан зиёд мурожаатларини тинглашди. Масалаларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди. Билдирилган бошқа муаммоларни ўрганиш ва қисқа муддатда ҳал этиш бўйича тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарларига топшириқлар берилди.

А.ШЕРХОЛОВ.