Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Банкда “қора бозор” баҳосида валюта алмаштиришга уринган ходимлар ушланди

Улуғбек Ачилов Булунғур туманидаги объектларни қўриқлаш бўйича 1-алоҳида отряди 1-гуруҳ сафдор ходими вазифасида ишлаб келган. “Агробанк” АТБ Булунғур филиали биносини қўриқлаш унга топширилган. У ўз вазифасидан фойдаланиб, “Агробанк” АТБ Булунғур филиали валюта айирбошлаш шохобчаси назоратчи кассири Озода Суюнова билан ўзаро жиноий тил бириктирган. Улар 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан давлат баҳоси 8420 сўм эканлигини билгани ҳолда, фуқаро Д.Мирзақулованинг ишончига кириб, унга 1 АҚШ долларини “қора бозор” баҳосида, яъни 8540 сўмдан айирбошлаб беришини айтган.

Аёл рози бўлгач, У.Ачилов ундан 51240,0 минг сўм миқдоридаги пулларни олиб, О.Суюновага берган ва қиймати 50748,9 минг сўм бўлган 6000 АҚШ доллари миқдоридаги валюта қимматликларига айирбошлаган. Улуғбек 6000 АҚШ долларини Д.Мирзақуловага бераётган вақтида, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Булунғур туман бўлими ва Давлат хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далил билан ушланган.

Суд Улуғбек Ачиловга 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. Шунингдек, у 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги ташкилот, муассаса, корхоналарда моддий ва мансабдорлик лавозимларида ҳамда ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Озода Суюнова эса 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳамда 2  йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги ташкилот, муассаса, корхоналарда моддий ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Фарҳод ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани суди раиси.