Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Банкирнинг найранглари: кредит олган аёлнинг сарсон-саргардонлиги нима билан тугади?

Завқиддин 2007 йилдан бери АТ Халқ банкининг Боғишамол филиалида кредит операциялари бўлимида турли лавозимларда ишлаб келди. 2011 йилдан бошлаб шу бўлимда бош мутахассис бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йилдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги Қарорига асосан шартнома асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга таълим кредитлари берилишини ва ундирилишини назорат қилиш, ҳисоботлар тайёрлаб тегишли жойларга тақдим қилиш каби вазифалар Завқиддиннинг зиммасида эди.

Садолат шартнома асосида ўқишга кирди. Шартнома пулини тўлашга қурби етмагач, банкдан таълим кредити олишга қарор қилди.

У 2012 йили АТ Халқ банкининг Боғишамол филиалидан турмуш ўртоғининг “Nexia” русумли автомобилини гаровга қўйиб, 18.725.000 сўм таълим кредити олди.

Садолат 2014 йил октябрь ойида кредит маблағларини сўндириш учун 2.150.000 сўм, ноябрь ойида 2.500.000 сўм, декабрь ойида эса 8.230.000 сўм маблағларни олиб келиб Завқиддинга топширди. Банк ходими қабул қилиб, квитанция ёзиб берди. Кўп ўтмай Садолат яна 5.845.000 сўм келтирди. Завқиддин квитанция ёзиб, бухгалтериядан штамп бостириб келди.

- Опа кўнглингиз хотиржам бўлсин, мана квитанция тайёр. Фақат бу менда қолади. Таъқиқдаги машинангизни чиқариш учун хат тайёрлайман, - деди.

Садолат унга ишониб чиқиб кетди. У расмийлаштирилган кредит бўйича ҳамма тўловларни ўз вақтиди тўлаб бўлди. Завқиддин бу маблағлардан 1.761.000 сўмини Садолат номига тўлов қилиб, қолган 16.964.000 сўмни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборди.

Садолат “кредитни ёпдим, энди машинамни таъқиқдан чиқариб беринг”, деб бир неча марта Завқиддинга мурожаат қилди.

Йигит бу томонини ҳам ўйлаб қўйганди. Транспорт воситасини таъқиқдан чиқариш ҳақида хат тайёрлади. Филиал бошқарувчисининг имзосини сохталаштириб жиноий йўл билан автомашинани таъқиқдан чиқаришга эришди. 

2017 йил Садолатга АТ Халқ банки Боғишамол бўлимидан қўнғироқ қилиб, банкка келишини сўради.

Аёл банкка келиб, бошқарувчининг гапларидан ҳайрон бўлди.

- 2012 йилда олинган таълим кредити ҳанузгача тўланмаган, - деди у.

- Қандай қилиб, мен ҳаммасини ўз вақтида тўлаганман, - деди Садолат ўзида бўлган ҳужжат ва квитанцияларнинг асл нусхасини кўрсатиб. Гаровга қўйилган машинани ҳам таъқиқдан чиқарилганини айтди.

Банк бошқарувчиси Завқиддинни чақириб, ҳолатга аниқлик киритди. Кредит тўланган, англашилмовчилик бўлибди, деган хулосага келишди.

2018 йил январь ойида Садолатнинг яна тинчи бузилди. Банкдан огоҳлантириш хати келганди. Унда 10 кун муддат ичида банкдан олган кредитни тўлаш кераклиги  ёзилган эди.

Аёлнинг фиғони фалакка чиқиб, банкка йўл олди.

- Компьютер маълумотларига кўра огоҳномада кўрсатилганидек, 18.638.260 сўм миқдорида қарздорлигингиз бор, - деди банк бошқарувчиси.

Садолат ўтган йили бўлган ҳолатни айтди.

- Завқиддин қарзларни тўламади. Шунинг учун уни ишдан бўшатдим, - деди бошлиқ.

Аёл Завқиддинни излаб топди. Банкка олиб келиб бошқарувчи билан юзлаштирди. Йигит барча айбларини бўйнига олди. Бир ой муҳлат берса ҳамма пулларни жойига қўйишини айтди. Аммо сўзининг устидан чиқмади.

Садолат бу сарсонгарчиликдан чарчади. Завқиддиннинг устидан тегишли жойга арз қилди.

Суд ҳукми билан Завқиддин 1 йил 6 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лаворзимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат фойдасига ундириш шарти билан 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ҳозир банкларда кредит турлари жуда кўп. Кредит олиб ўқишингиз, тадбиркорлик қилишингиз, чорвачилик ва ҳоказолар билан шуғулланишингиз мумкин. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, Завқиддин каби ўз ишига юзаки муносабатда бўладиган кимсалар сабаб, баъзан идора остонасини ҳатлашга юрак безиллаб қолади.