Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Байден Трампнинг мигрантларга нисбатан чекловларини бекор қилмоқчи

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден Американинг амалдаги раҳбари Доналд Трамп томонидан муҳожирларга нисбатан жорий этилган чекловларни бекор қилишга ваъда берди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

“Трамп маъмурияти жанубий чегарамизда мунтазам равишда вужудга келтирган гуманитар фалокатни бартараф этиш учун қандай чоралар кўришимиз кераклиги менга маълум. Биз биринчи кундан бошлаб Трамп чекловларини йўқ қилиш учун мақсадли, астойдил ва масъулият билан ишлаймиз”, деди Байден.

Сиёсатчи АҚШда бошпана изловчилар билан тезкор ишлаш имкониятини яратиш ва шу билан бирга коронавирус пандемияси шароитида инқирознинг олдини олиш ниятида эканлигини таъкидлади.

Маълумки, 2018 йил октябрь ойида Марказий Американинг қашшоқ мамлакатларидан минглаб муҳожирлар АҚШ ҳукуматидан бошпана сўраш мақсадида Мексика орқали АҚШ чегарасига йўл олишди. Трамп ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатиш учун чегарага минглаб ҳарбийларни юборди. Март ойи охирида эса Марказий Америка муҳожирларининг янги «карвон»и АҚШга қараб йўл олгани маълум бўлди. Уларнинг сони 1,2 минг кишини ташкил қилди.

АҚШ-Мексика чегарасида девор қурилиши Трампнинг 2016 йилги президентлик сайловларидаги дастурининг асосий бандларидан бири бўлди. Шу ниятда у фавқулодда ҳолат эълон қилиш ва ҳарбий харажатларни зид равишда йўналтиришга муваффақ бўлди. Аммо 25 май куни Калифорния суди АҚШ мудофаа вазирлигининг бюджет маблағларидан бундай мақсадда фойдаланишга тақиқ қўйгани маълум бўлди.

Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.