Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Беларусда ҳеч ким беларусь тилида гапирмайди

Сафар ҳақида охирги сўз. Бугун эрталаб таксига ўтириб аэропортга йўл олдим. Ҳали жавоб тополмаган энг муҳим саволимни таксичи йигитга бердим.

-Сиз русмисиз, беларусмисиз?

-По национальности беларусь - деди.

-Уйда, оилангизда қайси тилда гаплашасиз? - дедим.

-Рус тилида.

-Беларусь тилини биласизми?

-Йўқ, билмайман.

-Давлат тили фақат беларусь тилими ёки рус тили ҳамми? - дедим.

-Рус тили ҳам давлат тили, - деди у. - Агар бирор давлатда иккита тил давлат тили бўлса, шулардан бири рус тили бўлса, у маҳаллий, бироқ давлат тили бўлган тилни эзиб ташлайди. Масалан, биздагидек. Беларусда ҳеч ким беларусь тилида гапирмайди. Эҳтимол, мен айланадиган даврадан ташқарида бордир, лекин менинг атрофимда беларусь тилида сўзлайдиганлар йўқ, - деди.

- Ҳозир бизда ҳам шу масала кўтарилган, рус тилига расмий тус беришни сўраб петиция ёзганлар бор, - дедим.

-Ақлли одам ўзи тажриба орттиради, ўта ақлли одам бировнинг хатосидан хулоса чиқаради. Бизга қараб хулоса чиқаринглар, - деди таксичи.

Аэропортга етиб келганимизда у чемоданимни ичкаригача киритиб бериб, хайрлашиб кетди.

Шундай қилиб, Тошкентга қайтиб келдим.

 

Гулнора Раҳмонова,

Facebook ижтимоий тармоғидан олинди.