Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркинжон Турдимовга мурожаат қилган беморга 27 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди

2013 йилдан буён тизза бўғини артрози касаллиги билан оғриб келган пайариқлик Саид Отақулов шифохоналарда даволанди, аммо натижа бўлмади.

Кейинги икки йилда унинг моддий аҳволи оғирлашгани боис даволанишга имкон топа олмади. Оқибатда касаллик кучайиб, мустақил ҳаракатлана олмай қолди.

Жорий йилнинг 19 февраль куни Пайариқ туманида ўтказилган Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг сайёр қабулида Саид Отақулов касаллигини имтиёзли даволашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Шу куни ушбу мурожаат ҳал этилиши учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига йўналтирилди.

Вилоят ортопедия ва шикастланишлар оқибатлари шифохонасида бемор С.Отақулов дарҳол ётқизилиб, жарроҳлик амалиётига тайёргарлик жараёнлари бошланди. 2 март куни беморнинг ўнг тизза бўғинини тотал эндопротезлаш амалиёти ўтказилди.

Мазкур амалиёт жараёнида тиззага Италиядан келтирилган эндопротез ўрнатилди. Ушбу амалиёт учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят ортопедия ва шикастланишлар оқибатлари шифохонаси томонидан 27 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Айни пайтда шифокорлар назоратида бўлган С.Отақуловнинг аҳволи яхши, унга керакли муолажалар қилиняпти.

- Элпарвар Юртбошимизга, вилоят ҳокимига, шифокорларимизга минг раҳмат, - дейди С. Отақулов. – Уларнинг ёрдами билан дардимга даво топдим. Оёқларимдаги кучли оғриқлар йўқолиб, ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман. Шифокорларнинг айтишича, тез кунларда мустақил равишда юрарканман. Бундан беҳад бахтиёрман.

Элдор МУҲАММАДИЕВ,

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш

бошқармаси матбуот котиби.