Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Беш марта ўғирлик қилган фуқаро яна қамалди

Айни қирчиллама ёшида ўғирликни ўзига касб қилганлар ҳақида эшитсанг, “наҳот, оталик, фарзандлик бурчини бажаришни ўйламади ёки ота-онасининг, яқинларининг юзини ерга қаратишдан уялмади?” деган ўй келади хаёлингга.

Судланувчи Эркин Қосимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам беш марта ўғирлик жинояти содир этгани учун суд томонидан тегишли жазолар тайинланган. Охирги марта 2002 йилда ўғирлик ва босқинчилик жиноятлари учун 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2017 йил жазони тўлиқ ўтаб, озодликка чиққан.

Э.Қосимов озодликка чиққач, 70 ёшни қаршилаган ота-онаси “ўғлим энди жиноят содир қилмайди, бизга суянчиқ бўлади” деб ўйлаб, яхши ниятлар билан тўй қилиб, уни уйлантириб қўйишади. Лекин Э.Қосимов қари ота-онаси корига ярамасдан, бирон-бир фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, кунини спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтказа бошлайди.

Кунларнинг бирида Э.Қосимов Самарқанд шаҳар “Сиёб деҳқон бозори”да айланиб юриб, спиртли ичимлик истеъмол қилмоқчи бўлади. Аммо чўнтагида ароққа етадиган пули йўқ. Нима қилишни билмай, унда ўғирлик қилиб пул топиш истаги пайдо бўлади ва ўзига ўлжа қидира бошлайди.

Э.Қосимов бозордаги 39-дўконнинг олдида турган янги велосипедни кўриб қолади. У велосипеднинг олдига бориб, атрофдагиларга эътибор бермасдан, худди ўзиникидек ҳайдаб кетади. “Янги бозор” олдида бир нотаниш фуқарога отасини даволатиш учун пул жуда зарурлигини айтиб, фуқарони ишонтиради ва велосипедни 250.000 сўмга сотиб юборади.

Э.Қосимов яна “Сиёб деҳқон бозори”га қайтиб келиб, ўғирлик билан топган пулига бозор ҳудудидаги ошхоналарнинг бирида улфатларини спиртли ичимликлар билан меҳмон қилаётган вақтида қўлга олинган.

Суд томонидан Э.Қосимов бир неча бор ўғирлик қилгани, жазони ўтаб чиққан бўлса-да, ўзига керакли хулоса чиқармагани, яна бир бор қасддан жиноятга қўл урганлиги инобатга олиниб, тегишли тартибда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноятга жазо муқаррар. Аммо ота-она, фарзандларда нима айб? Уларнинг эртаси энди нима бўлади? Шу каби саволлар бизни ўйлантиради, мушоҳада қилишга чорлайди. Зеро, ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин эди.

Муҳиддин ТЎХТАЕВ, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси. Шоҳруҳ МИРЗААҲМЕДОВ, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.