Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бир банка ушоқ...

1991 – 1996 йиллари ўқиганмиз. Ўрта ва катта авлод яхши эслайди: оғир йиллар эди бу йиллар. Қишлоқда оқ ун отлиққа йўқ, тегирмон кўпайган пайтлар. Арпа ёки маккажўхори уни қўшиб ёпилган нонлар. Ҳар бир қишлоқ, маҳаллада бильярдхона, қиморхона очиб ташланган, телевизорда лоторея-қимор кўрсатувлари авж олган. Шаҳарда оқшом кўчага чиқиб бўлмай қолган: йўлтўсарлар-ку йўлтўсар, милисалар ҳам ҳужжат текшириш баҳона йўлтўсарлик қилган...

1994 йили сўм чиққач, 1-2 ойдаёқ “қулади”. Август охирида раҳматли отам Жумага бориб эски қадрдонларидан 300 сўм топиб келганини эслайман. Ҳасан икков Тошканга етиб олдик, лекин стипендиягача етмади. Октабргача, ёмғир ёққунча елим шиппакда ўқишга қатнаганмиз то ўқишни ҳам ташлаб, бостириб мардикор ишлаб оёқ кийим олгунимизча.

Хуллас, ётоқхона 1-қаватидаги ошхона банкротга учраб ёпилгач, қарзга овқат берадиган қолмади талабага. Тангаларни йиғиштириб булка нон обкелиб, туз сепиб еймиз. Ҳарна тўқроқ тутади туз қўшиб есангиз. Ошқозон ёғ кўрмаганига 60 соатдан ошган. Абдували, Ҳасан, мен – учов ётибмиз хонада. Ярим кеча қорним бураб оғриганидан уйғониб кетдим. Секин қўзғалиб тимирскиланиб эсимга тушгани – ушоқ солинадиган банкани қидириб топдим. Яримлаган экан. Иштаҳа билан тушириб, устидан икки пиёла сув ичиб юбордим. Қовзангандай бўлиб жойимга чўзилдим.

Пиччи ўтиб Абдували туриб кетди(эндилар ўйласам очлик уйқуни ҳам ҳаром этаркан шекилли). Тимирскиланиб ушоқ солинадиган банкани излади. Топди. Бўм-бўшлигини кўргач бир оғиз “Э-э” деди холос... Мен эса...

Мен эса хижолатдан, уятдан анча вақт ухлолмай ётдим!...

...Оилавий рўзадормиз. Бугун саҳарликда онаси “ол е” деган неъматга хушламайгина боққанида бир болам, шу хотиралар ёдимга тушди...

Ҳусан Карвонли.