Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бир ойлик ҳарбий хизматга тўлаб қўйганлар пулини қайтариб олса бўладими?

Бугун АОКА штабида Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров билан брифинг ўтказилди.

— Бир ойлик хизматга пулини тўлаб қўйганлар нима қилишади? Карантин қачонгача чўзилиши номаълум бўлса, биз пулимизни ҳозир қайтариб олсак бўладими?

Мурожаатчиларнинг бу саволига Баҳром Зулфиқоров жавоби:

— Мамлакатимизда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ ҳолат яхши томонга ўзгаргандан сўнг ҳарбий хизматга чақирув ишлари давом эттирилади.

Бир ойлик хизматга, яъни сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ учун пул бадалини тўлаб қўйганлар фуқаролар 27 ёшга тўлгунга қадар СЧР бир ойлик хизмат йиғинини ўташлари мумкин.

Шунинг учун Сиз карантин муддати тугагандан сўнг, албатта бир ойлик хизмат йиғинига жалб қилинасиз, шунинг учун тўлов қилган пул бадалингиз ҚАЙТАРИБ БЕРИЛМАЙДИ.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги 99-сонли қарор билан киритилган низомга мувофиқ бу хизмат тури учун тўланган пул бадаллари қуйидаги ҳолатларда:

- фуқаро ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда;

- тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан 27 ёшгача I, II ёки III гуруҳ ногиронлиги берилган ҳолатда;

- сафарбарлик чақируви резерви хизматчиси вафот этганда;

- махсус ҳисоб рақамга янглишиб ёки ортиқча пул бадаллари ўтказилган ҳолатда пул бадаллари белгиланган тартибда қайтариб берилиши белгиланган.