Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Биз ўзбекча гаплашамиз”

Рандир ЮСУПОВ, Самарқанд вилояти турк миллий маданий маркази раиси:

- Бугунги кунда Самарқандда яҳудий, арман, озарбайжон, араб, рус, тожик, татар-бошқирд, поляк, немис, корейс каби миллий маданий марказлари фаолият кўрсатмоқда. Шулар орасида бизнинг турк миллий маданий марказимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Вилоятимизда яшаётган турк миллатига мансуб аҳоли тўлиқ ўзбек тилини билади. Улар хоҳ ўзбек маъракалари бўлсин, хоҳ турк маросимлари бўлсин бирдай иштирок этади. Ўзбек тилида бийрон гапиради, шеър-ғазаллар ўқийди.

Азалдан дўстлик ва тинчликни ардоқлаган миллатимиз янги Ўзбекистонни қуриш ва ривожлантиришда ўзбек қардошларимиз билан бир сафда шижоат билан иштирок этади.

***

Фозилжон Шукуров, Самарқанд давлат университети хорижий шарқ тиллари кафедраси ўқитувчиси:

- Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 300 минг нафар атрофида тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Мен ҳам шу миллат вакилларидан бириман.

Ҳозирда Самарқанд давлат университетининг еттита факультетида тожик тилида таҳсил олаётган гуруҳлар бор. Ҳар бир курсда ўртача 100 нафардан, бакалавриат йўналишида жами 400 га яқин талаба тожик тили бўйича чуқурлаштирилган билим олади. Шунингдек, магистратура йўналишида ҳам ўнлаб талабалар ўзбек-тожик маданияти, таълими, илми бўйича изланишлар олиб боряпти.

Ўзбек тили бой, сержило ва гўзал тил. У асрлар оша сайқал топиб келмоқда. Улуғ бобомиз Алишер Навоий бошқа тилларни камситмаган ҳолда ўзбек тилининг нақадар бой тил эканлигини кўрсатиб берган ва шоҳ асарлари билан буни исботлаган. Мен ҳам Навоий ғазаллари, шу билан бирга ўзбек дурдона асарларини ўзбек тилидан тожик тилига, форсча асарларни эса тожик тилидан ўзбек тилига таржима қиламан. Айни пайтда юртимизнинг таниқли шоирларининг шеърларидан иборат тўпламни тожик тилига таржима қилиб, чоп эттириш арафасида турибман.

***

Зулхумор КАРИМОВА, Самарқанд шаҳридаги 51-немис тилига ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактаби директори:

- Вилоятимизда умумий ўрта таълим мактабларининг 1 тасида тожик, 28 тасида ўзбек-тожик, 85 тасида ўзбек-рус, 4 тасида ўзбек-рус-тожик тилларида дарс машғулотлари олиб борилмоқда. Бизнинг 51-умумий ўрта таълим мактаби эса 2001 йилдан буён немис тилига ихтисослашган. 2019 йил январь ойида таълим муассасамизга немис файласуфи, тилшунос олим Фридрих Вилҳелм фон Хумбольдт номи берилди. Бу эса Германия ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида илм-фан, таълим соҳасидаги алоқаларни, шу билан бирга ўзбек ва немис тилини мукаммал ўрганиш ва янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Билим масканимизда 2300 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларга 120 нафар педагог-мураббий сабоқ берса, шунинг 22 нафари айнан немис тилида дарс ўтади.

Қувонарлиси, мактабимизда Германиядан келган профессор Галина Лойбе хоним ҳам ўқувчиларга сабоқ беради. Муҳими, у ўқувчиларга немис тилини ўргатиш билан бирга ўзи ҳам ўзбек тилини ўрганмоқда. Унинг гарчи немис талаффусида бўлса-да ўзбекча сўзлаши бизга қувонч бахш этади.