Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бизни еб битираётган маъракалар

Бундан роса 50 кун олдин ён қўшнимиз 76 ёшида вафот этди. Жанозани ўтказиб 3 кундан кейин "Худойи" қилишди. Бир қўй сўйилди. 30-40 кило гуруч дамланди. Шунга яраша жой ҳозирланди, дастурхон тузалди.

Кейин 40 кунгача, яъни "қирқи чиққунча" ҳар пайшанба, якшанба кунлари бу хонадонда фотиҳахонлик бўлди. Шунга қараб ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузалиб одам кутилди. 

Маҳалламиз одамлари жанозада қатнашди, "Худойи"да  қатнашишди, камига эса яна икки-уч мартадан фотиҳага келишди. Ниҳоят жанозадан қирқ кун ўтиб "Қирқ" эҳсони бўлди. Яна битта қўй сўйилди, 30-40 кило гуруч дамланди.  Шунга яраша жой ҳозирланди,  дастурхон тузалди.

Шу билан вафот этган чолнинг ўғли фотиҳага келувчилардан қутилди.

Аммо, кеча пайшанба куни қарасам туш пайтида қўшнимнинг хонадонидан аза маросимига монанд кийинган бир гуруҳ маҳалладош аёллар чиқиб кетишаяпти. Улар фотиҳага келишган. Марҳумни қабрга қўйиб келишганига 50 кун бўлаяпти. Эркаклар "Қирқ"ни ўтказиб фотиҳахонликни тугатишди. Аммо аёлларни фотиҳахонлиги мана 2 ойда ҳам тугамаяпти.

Сиз тарафларда қандайлигини билмадим-у, аммо, биз тарафларда аёллар жанозадан 2 ой ўтказиб ҳам пайшанба ва якшанба кунлари аза бўлган хонадонга такрор-такрор фотиҳахонлик қилиш учун бораверадилар. Ҳозирча уларни бу ишдан қайтарадиган ҳеч ким топилмаяпти. Мабодо қайтаришса ҳам "бормасам фалонча (азадор аёл) хафа бўлади" деб ҳам қўйишади.

Ўз навбатида азадор хонадон аёллари ҳам агар маҳалла аёллари фотиҳага бир бориб қайта боришмаса "фалончани оқибати йўқ, фотиҳахонликка бир марта келиб, қайта келмай кетди" деб гина ҳам қилишади.

Бошқа жойларни билмадим-у, биз тарафларда бундай ишлар мажбурият даражасига чиқиб бўлган. Аза бўлган хонадон аҳиллари жанозадан кейин ҳамма ишини йиғиштириб эркакларни қирқ кун, аёлларни эса 60 кун атрофида ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузаб фотиҳахонларни кутишга мажбур.

Бундай ишлар бойлар ва ўртаҳолларга билинмас, аммо қўлида тайинли пули йўқлар, амаллаб кун кўрадиганлар қийналиб қолишаяпти.

Боласи касал, аёлининг мазаси йўқ. Шароити ҳаминқадар. Қўлида пули йўқ. Ана шундай ҳолатда ҳам ўша хонадондан кимдир вафот этиб қолса, ўша хонадон қарз олиб бўлса-да, аза маросимларини ва икки ойлаб чўзиладиган фотиҳахонликни ўтказишга мажбур.

"Ўтказмаса нима бўлади? Айб ўзида" дейсизми?

Тўғри, айб ўзида бўлгани ҳам бор, буни инкор қилмайман. Аммо, биз тарафларда шундай одамлар ҳам яшашади-ки кимдир, қўли калталиги сабаб бўлиб вафот этган отасини ёки онасини бирон маъракасини ўтказа олмаса ёки кечиктирса элнинг ичида "сен онангни ёки отангни фалон маъракасини нега ўтказмадинг?" деб сўроққа тутадиганлар ёки "сен отангни ёки онангни фалон маъракасини ўтказа олмагансан" деб камситиб, таъна қилиб гапирадиганлар бор.

Ана шундай ҳолатда "Ҳой фалонча, ўтир буёққа. Сени ўзи шароитинг оғир. Онангнинг ёки отангнинг фалон маъракасини ўтказишинг шарт эмас, ундан кўра касалманд болангга, мазаси бўмаётган аёлингга қара, рўзғорингнинг кам-кўстига қара" дейиш ўрнига, аксинча "маъракаларни қачон ўтказасан?" ёки "нега ўтказмаяпсан?" деб сўроққа тутадиган инсонларни қандай тушуниш мумкин?

Маъракаларни қисқартириш, енгилроқ ўтказиш бўйича имомлар қанча гапиришади, маҳалла раислари тарғиб қилишади. Аммо бу гаплар ҳеч кимга таъсир қилмаяпти. Энди бизга меъёр белгиланган қонун керак, деб ўйлайман. 

Тўйларни-ку одамлар бироз йиғиниб қилишар, аммо аза тўсатдан бўлиб қолади. Шундай экан биринчи навбатда ошиқча эҳсонлар ва фотиҳахонликни йўқотиш керак. Акс ҳолда аза бўлган хонадон жаноза ўтганидан кейин икки ой ўтса ҳам фотиҳахон аёллардан қутилмайди.

Бу гапларни нега ёзаяпман? Сабаби, халқимиз ўта маъракапараст бўлиб кетди. Касал боласи ёки касалманд хотини ўлса ўлиб кетаверсин, аммо у олдин турли маъракаларни бошқалардан кам қилмай ўтказиши керак. Онасини даволатиш керак, укасининг рўзғори ўта хароб, сингилларининг турмуши ҳам ҳаминқадар, йўқ, у аза маъракаларини бошқалардан кам қилмай ўтказиши шарт.

Сиз нима десангиз денг, аммо мен бу элни, бу халқни кераксиз маъракалар еб битираяпти, дейман.

Энди ақлни ишлатиш, вақти келмадими яхшилар?

Ғайрат Йўлдош.