Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боғча ремонти учун 100 минг, ичида боғча опанинг совғасиям бор...

Ёзмайман, тинчгина сигиримни соғиб, помидорларимни парвариш қилиб, сут-қатиқ, қаймоқ сотаман, дейману... Яна жунуним бошимга чиқиб ёзиб қўйганимни билмайман, деб ёзмоқда Facebook ижтимоий тармоғида Шарифа Мадраҳимова. Бугун телефоним жиринглади. Олсам овози майин бир қиз.

- Сиз Маҳмуджоннинг аясимисиз? - деди.

- Ҳа, - дедим.

- Мен Маҳмуджоннинг гуруҳидаги болалардан бирининг онасиман, - деб муддаога ўтди. - Биз ота-оналар билан келишиб Маҳмуджонларнинг "Хайр боғча" тадбирига 100 минг сўмдан йиғадиган бўлдик. Бунинг ичига боғчага ремонт, болаларнинг чиқимлари ва боғча опага совға ҳам киради, - деди.

- Нега бошқа боғчалар 50-70 мингдан йиғяпти, биз ҳам 50 мингдан йиғсак бўлмайдими? – дедим.

- Билмадим, мен ёш онаман, бувилар айтяпти - деди.

Яқинда ўзи Муниранинг 4-синфни битиришига 100 мингдан йиғиб бергандик. Худо билади ўшанинг неча пули нимага ишлатилди. Худди шу 100 мингни ичида мактаб ремонти ҳам бор эди. 
Мен қизиқяпман, давлат бюджетининг энг катта қисми таълим ва соғлиқни сақлаш тизимига ажратилади. Нега яна мактаб ва боғчаларда “йиғ-йиғ”лар тугамаяпти. Давлатнинг пули қаерга кетяпти. Давлат ремонт учун деб ажратган пул нега шаффоф халқнинг кўз ўнгида ишлатилмайди. Нега ҳар йили ота-оналар ремонт учун пул йиғиб беради? Нега, нега, нега?

Яна энг ёмони, душман ўзимиздан чиқади. Бир-иккита устозга яхши кўриниш истагидаги ота-она таклиф худди ўзидан чиққандай гапиради. Ўшаларнинг қўли билан иш қилинади. Гўёки таклиф ота-онадан чиққандай. Кимдир боғча ва мактаблар ремонтини текширадими? Кимдир халққа пуллари талон-тарож бўлаётганини исботлаб бера оладими? Кимдир ёки кимлардар Президентни алдаётганини тан оладими?