Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боғчалар қай тартибда фаолият бошлади?

Республикамизда карантин чекловлари юмшатилгач, таълим даргоҳлари фаолияти босқичма-бочқич қайта тикланмоқда. Жумладан, мактабгача таълим ташкилотлари ҳам. Бугун вилоятимизда нечта боғча фаолиятини бошлади? Уларга қандай талаблар қўйилган? Ота-оналар нималарга аҳамият бериши лозим? Шу каби саволларга вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Азизова  жавоб берди.

-  Карантин даврида барча боғчаларимизда  дезинфекция ишлари олиб борилди,  – дейди Д.Азизова. – Машғулотларимиз онлайн тарзда ташкил этилди. Республикамизда карантин чекловлари юмшатилгач, дастлаб хусусий боғчалар болажонларни ўз бағрига олди. Мактабгача таъзим вазирлигининг “Мактабгача таълим ташкилотларида янги ўқув йилини сентябрь ойидан анъанавий ва масофавий шаклда босқичма-босқич бошлаш тўғрисида”ги буйруғи билан вилоятимиздаги мавжуд 675 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини маҳаллий Кенгаш қарори ҳамда санитария –эпидемиологик осойишталик маркази хулосаси асосида босқичма-босқич бошламоқда. Бугунги кунда 369 боғчага СЭОМ хулосаси берилган бўлса, 549 боғча маҳаллий Кенгаш қарорига эга. Шулардан 345 та мактабгача таълим ташкилоти вақтинчалик санитария-гигиеник талаблар асосида ўз фаолиятини бошлаган.

Вилоятимизда бугунги кунда давлат мактабгача таълим муассасаларида 17854 нафар ходимнинг 15926 нафари коронавирусга тест топширди. 13910 нафарининг  жавоби чиқди ҳамда 254 нафар ходимда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бугунги кунда улар белгиланган тартибда даволанмоқда.

Боғчаларда вақтинчалик санитария-гигиена талаблари ўзгарди

Болаларни боғчага қабул қилишдан бошлаб, уларни кузатишгача бўлган барча жараён назоратга олинди. Бинога киришда тана ҳарорати ўлчанади, қўллари антисептик воситалар билан тозаланади. Гуруҳларга киргач, устки кийимлари алмаштирилади, тана ҳарорати кунига камида икки марта ўлчанади, овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан чиққанда, ўйин ва сайрлардан сўнг қўллар мажбурий ювилади. Боғчадаги хоналар катта-кичиклигига қараб, гуруҳлардаги болалар сони белгиланади. Машғулотлар вақтида оралиқ масофа сақланиб,  ўқув қуроллари алоҳида қутичаларга(контейнерларга) солиб қўйилади.  Ҳар бир боғчада эрталаб қабул вақтида ота-оналар тўпланиб қолмаслиги учун гуруҳларнинг келиб-кетиш жадвали тузилган. Машғулотлар давомида хоналарнинг ҳавоси тез-тез алмаштирилиб, кунига икки маротаба хлорли эритма билан тозаланади. Ҳозирда катта гуруҳлар очилган,  4-5 ёшли болалар учун ўрта гуруҳлар очилиши октябрь ойи давомида, 3 ёшли болалардан иборат кичик гуруҳлар очилиши эса ноябрь ойига режалаштирилди. Давлат мактабгача таълим ташкилотларига 14 турдаги санитария-гигиена воситалари учун 848 миллион 154 минг сўм маблағ ажратилган.

Ота-оналарга ҳам талаб бор...

Ота-оналардан фарзандини боғчага олиб келишда турли ўйинчоқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари келтирмаслигини, белгиланган вақтда келишини ва болаларнинг тоза-озода юришига эътибор беришини сўраяпмиз Ҳозирги пандемия шароитида фарзандларимизнинг соғлом таълим –тарбия олиши ота-оналар билан ҳамкорликда ишлашимизга боғлиқ. Белгиланган тартибга кўра, ота-оналарнинг муассасага кириши тақиқланади. Лекин “эрталабки фильтр” натижаларини кутиб, бола МТТга қабул қилинганидан сўнг кетишлари лозим.

Бугун дунёда барча давлатда янги қоидалар асосида боғчалар ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Данияда боғчаларга ота-оналарнинг кириши тақиқланиб, болаларнинг ўйинчоқлари ва ўқув қуроллари учун алоҳида қутичалар жорий этилган бўлса, Норвегияда айрим боғчаларда йўталиш ва акса уриш учун алоҳида бурчаклар ташкил қилинган. Белгияда ҳар бир боланинг масофа сақлаши учун кун давомида пластик халқалар тақиши жорий этилди. Ҳар бир давлат болаларга соғлом таълим-тарбия бериш учун ўз усулини жорий қилди. Асосий мақсад битта - карантин шароитида ишлаётган ота-оналарга қулайлик яратиш, фарзандларимизни баркамол вояга етказиш.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.