Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Болаларни севмоқ – саодат

Азамат Муҳиддиновични нафақат вилоятимизда, балки республиканинг аксарият минтақаларида, ҳатто айрим хориж давлатларида ҳам болалар хирургиясининг билимдон, жонкуяр ва моҳир шифокори сифатида яхши билишади. Чунки у бу соҳада энг нозик операцияларни Ўзбекистонда илк бор амалга оширган жасоратли врачлардан бири.

Тажрибали олим 1985 йилдан буён Самарқанд давлат тиббиёт институти болалар хирургияси кафедрасини бошқариб келади. 1990 йилда домланинг ташаббуси, елиб-югуриши туфайли Самарқандда Марказий Осиёда ягона ҳисобланган болалар хирургияси илмий-ўқув бирлашмаси очилди. Бирлашма минтақадаги бешта вилоят аҳли ва шифокорларига хизмат кўрсатмоқда. Торакал, кардио, урология ва чақалоқлар бўлимларидаги юксак технологияли мураккаб операциялар ҳалигача профессор А.Шамсиев раҳбарлигида бажарилади.

Бу борада устоз новатор олим сифатида ҳам эътироф этилган. У 1991 йилда Самарқандда биринчи бўлиб ёш болаларда туғма юрак пороклари операциясини амалга оширган. Урология ва абдоминал хирургияда эндоскопик диагностика ва даволаш усулларини жорий этди. Бу ерда ҳам ҳар йили 500 тагача мураккаб операциялар амалга оширилади. Дарвоқе, марказда яратилган 50 дан ортиқ ихтиро ва 44 та рационализаторлик таклифлари республика ва МДҲ давлатлари тиббиёти амалиётида кенг қўлланилмоқда. Бевосита домланинг раҳбарлигида марказда Вазирлар Маҳкамаси буюртмасига кўра 8 та амалий ва битта инновацион лойиҳа бажарилган.

Азамат Муҳиддинович доимо ҳамкасбларига тартиб-интизомда, вақтдан унумли фойдаланишда, ҳар бир ишга илмий, оқилона ёндашишда, берилган ваъданинг уддасидан чиқишга ибрат бўлади. Шу сабабли СамДТИга ректорлиги (2004-2020 й.) даврида замон талабига кўра асосий эътиборни ўқув жараёнини такомиллаштириш, талабалар ўқиш ва яшаш шароитини яхшилашга қаратди. 6 та янги факультет очилиши баробарида замонавий ахборот технологиялари маркази ишга туширилди, ўқув жараёни тўлиқ электрон таълим тизимига ўтди.

2013 йилда мамлакатда илк бор таълимнинг халқаро стандарт асосида кредит-модул тизими қўлланилди. Мингдан ортиқ компьютер интернет тармоғига уланди. 1,5 миллионга яқин тестлар ишлаб чиқилди. Бошланишида бу усулни ёқламай турганлар эндиликда кредит-модул тизими мамлакат бўйлаб жорий этилаётганини кўриб турибди.

Ректор ташаббуси билан талабалар билимини баҳолаш мезони ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланди, Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди. Бундан ташқари, ахборот-ресурс маркази 25 мингдан зиёд янги авлод адабиётлари билан бойитилди, 15 мингдан ортиқ ўқув адабиётларининг электрон нусхалари яратилди, 60 га яқин нуфузли хорижий тиббиёт университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик меморандумлари тузилди. Айни пайтда институтда хорижлик талабаларнинг таҳсил олиши ҳам олий ўқув юрти нуфузини белгилаб турибди.

Профессор А.Шамсиев СамДТИнинг 800 ўринли замонавий ўқув биноси қурилишида ҳам ташаббускор бўлди. Бу иншоот яқин кунларда фойдаланишга топширилади.

Домла улуғ ёшида ҳам қизғин илмий изланишда. Дунёдаги кўплаб жарроҳлик жамиятларининг, илмий журналларнинг таҳрир ҳайъати ва илмий кенгашлар аъзоси, «Доктор ахборотномаси» журнали бош муҳаррири, МДҲ миқёсида В.Немсадзе номидаги мукофот, 2-даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби А.Шамсиев ҳамкасблари, шогирдлари даврасида меҳнат фаолиятини қизғин давом эттирмоқда.

Яхшинор АЛЛАЁРОВ,

Турсунпўлат ШОМУРОДОВ.

Абдурауф  ИСҲОҚОВ.