Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Болани неча ёшдан боғчага бериш керак?

Оналаримиз бешикда чақалоғи билан ғўзапоя чопишган, адоқсиз далаларга экин экиб, пахта теришган. Яна ҳозиргидек бир-икки эмас, ўнлаб фарзандлар бир-бирига эргашиб, лой-тупроққа қоришиб улғаяверган. Бугун-чи, бугун болага эътибор қай даражада?

Буни ўтган йиллар билан асло қиёслаб бўлмайди. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг "Бизнинг фарзандларимиз энг яхши шароитларга муносиб", деган гапининг ўзиёқ айни пайтда болага эътиборнинг нақадар кучлилигини англатади. Ҳозирги МТМлар аввалгидек болани едириб-ичириб, ухлатиб, ҳожатини чиқарадиган жой эмас. Таълим-тарбия маскани, боланинг шахс сифатида камол топиши, жамиятга аралашувини таъминловчи муассаса сифатида шаклланди. Шу маънода ҳозирга келиб, ҳар бир ота-она ўз фарзандини барча шароитлар муҳайё бўлган ана шундай масканларда тарбияланишини истайди. Айниқса, жамиятнинг маълум бир соҳасида фаолият юритаётган аёлларимиз ҳаётида МТМлар муҳим роль ўйнайди.

Аёл қачон хотиржам бўлади? Қачонки боласи ишончли қўлларда бўлса, эрталаб ишга отланганда фарзанди ортидан йиғлаб эмас, кулиб кузатса... Аёл қачон бор куч-матонатини карьерасига бағишлайди? Қачонки фарзандларидан хотиржам бўлса. Бу борада унинг хотиржамлигини, жамиятга муносиб ҳисса қўшишини таъминловчи асосий восита – фарзандини ишониб топшириш учун ҳар томонлама хавфсиз, моддий-маънавий, ҳуқуқий, жисмоний ва тиббий жиҳатдан ҳимояланган маскан, МТМдир.

Халқимизда бола бошидан, деган ибратли мақол бор. Албатта, болага ёшлигидан қандай тарбия берилса, ана шу тарбия унинг кейинги ҳаётида намоён бўлади. Мактабгача таълим муассасалари – бугунги кунда болаларимиз тарбияланадиган илк маскан сифатида фаолият юритмоқда. Шу туфайли мазкур соҳани ривожлантиришга доир ҳукуматимиз томонидан бир қатор қонун ва қарорлар қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги "Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги "Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари шулар жумласидан. Унга кўра МТМларга болаларни қабул қилиш ёши 3 ёш этиб белгиланди. Албатта, бу ёшни танлашда боланинг жисмоний, руҳий-психологик ва бошқа томонлама ўзини тўлақонли эплай олиши назарда тутилган. Бола ҳаётининг дастлабки йилларини кўпроқ онаси билан ўтказгани яхши, албатта. Чунки ҳеч ким болага ўз онасидан меҳрибонроқ, яхшироқ қарай олмайди. Бироқ масалага бошқа жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, бу борада кўпчиликни қийнаётган муаммолар борки, улардан кўз юмиб бўлмайди.

Биринчи мурожаат:

Докторантурада учинчи босқичдаман, иккинчи фарзандим тарбияси учун таътилга чиқдим. Тўнғичим беш ёшда, боғчага берганман, кичиги эса яқинда иккига киради. Докторлик диссертациямни ёқлаш учун белгиланган муддатим яқинлашиб келяпти. Лекин кичик боламни боғчага берай десам, уч ёшга тўлмаганлиги сабабли қабул қилишмаяпти. Энага ёллай десам, уларнинг кўпчилиги бола тарбияси бўйича етарли малака, билимга эга эмас. Албатта, мен учун болам биринчи ўринда. Лекин муддатим тугамай, тадқиқот ишимни ҳам якунлашим керак. МТМларда мен каби оналар учун аввалгидек кичик ёшли болалар гуруҳини ташкил этиш зарур, менимча. Бу ҳақда кимга мурожаат қилсам бўлади?

Иккинчи мурожаат:

Турмуш ўртоғим иккимиз мактабда ишлаймиз. Келин бўлиб тушган оилам жуда катта. Шу туфайли қайнонам "Ўзларингга алоҳида уй олинглар", дедилар. Турмуш ўртоғим билан келишиб, кредитга уй олдик. Янги уйга кўчиб ўтдик. Бу орада фарзандимиз туғилди. Ишхонамдан бола тарбияси учун таътил олдим. Турмуш ўртоғим ёлғиз ўзи оилани ҳам моддий жиҳатдан таъминлашга, ҳам кредит тўлашга қурби етмаяпти. Болам икки ёшдан ошди. Бемалол овқатини ўзи ейди, гапиради, ҳожатга боришини айтади. Уни боғчага бериб, ишга чиқмоқчи эдим. Болалар учун боғчаларда икки ёшли кичик гуруҳлар ташкил қилинишини истардим".

Кўпчилик аёлларимиз худди шундай муаммолар юзасидан дардини кимга айтишни билмай ҳайрон. МТМлар фаолиятини ривожлантириш тўғрисидаги қонун чиқарилганига бир йилдан ошган бўлса-да, бу борадаги камчиликлар, муаммолар ҳали-ҳануз барҳам топгани йўқ. Соҳа мутасаддилари мазкур масалага жиддийроқ ёндашиб, муаммонинг ечимини жавобсиз қолдиришмайди, деган умиддамиз.

Зарина РАҲМОНОВА.