Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бош котиб панжасига панжа урган шер

Халқимизнинг суюкли фарзанди Шароф Рашидов теран тафаккурга эга файласуф, иқтидорли адиб, вазмин, аммо халқ манфаатлари борасида ҳеч нарсадан қўрқмайдиган мард, доно инсон сифатида ном қолдирди.

Бу инсон 33 йил Ўзбекистон раҳбарияти олимпида мустаҳкам мавқега эга бўлди: 9 йил шўро Ўзбекистони Олий Кенгашини, 24 йил Ўзбекистон Компартиясини бошқарди.

Бу мақолани бежиз ёзмаяпман: Ш.Рашидов вафотидан кейин 37 йил ўтгач, шу даврда яшаган, ўша замон ҳавосидан нафас олган, озми-кўпми мазкур тузум мафкурасига хизмат қилган одам сифатида бугун атоқли давлат арбоби ҳаёти, шахсияти, тақдири билан боғлиқ баъзи саволларга жавоб изламоқчиман.

Катта авлод вакиллари яхши билади: Ш.Рашидов 1961 йилдан КПСС Марказий Қўмитаси Президиуми аъзолигига, 1966 йилдан умрининг охиригача Марказий Қўмита Сиёсий бюроси аъзолигига номзод бўлди. У ўз даврининг Мао Цзе Дун, Хо Ши Мин, Ким Ир Сен, Паҳлавий, Сукарно, Жавоҳарлаъл Неру, Шастри, Фидел Кастро, У.Кекконен, Г.Макмиллан, Француа Миттеран, Индра Ганди С.Альенде, И.Тито, Л.Свобода каби элликдан ортиқ давлат ҳамда партия раҳбарлари билан СССР делегацияси раҳбари сифатида музокаралар олиб борган эди. Бу масъулият айрим Сиёсий бюро аъзоларига ҳам насиб этмаган. У олган иккита “Олтин юлдуз” ва 10 та «Ленин» орденининг ҳар бири қайсидир соҳадаги бетакрор хизмати учун берилган эди.

Ш.Рашидовнинг энг катта тарихий хизмати “Кариб инқирози” пайтидаги фавқулодда журъати, довюраклиги эди. Гап шундаки, у 1962 йилнинг 27 майида Кубага учади. 10 июнда қайтиб келиб,  Н.Хрушчевга “Анадир” операцияси ҳақида ҳисоб беради. 1962 йил 27 октябрь (янги тарихга “қора шанба” атамаси билан кирган) куни сайёрамизнинг тақдири қил устида, собиқ иттифоқнинг катта қисми “ядро каллак”ларининг тўғридан-тўғри нишонида қолган эди. АҚШ Қуролли Кучлари томонидан Туркиянинг Измир шаҳри яқинида ўрнатилган 15 та “PGM–19 Юпитер” русумли баллистик ракеталари нафақат иттифоқ пойтахти Москва, балки Қрим, Кавказ, Каспий ҳудудлари устидан Турон заминининг бир қисмига қаратилган эди. 

Шароф аканинг Н.Хрушчевга билдиорган таклифи билан тезкор равишда “Кариб инқирози” бўйича сиёсий мулоқот ташкил этилди. Унга СССРдан Н.Хрушчев, А.Микоян, Ш.Рашидов, Кубадан Ф.Кастро, Р.Кастро, Че Гевара, қарама-қарши томон - АҚШдан Ж.Кеннеди, Р.Макнамара, М.Тейлор қатнашади ва фавқулодда ҳолатга барҳам берилади.

Шу ўринда бироз ортга қайтсак: “қора шанба”дан олдин Н.Хрушчев Ново-Огареводаги қароргоҳида КПСС Марказий Қўмитаси Президиуми (сиёсий бюроси)нинг бир неча мажлисини чақиради. Бир мажлисда Л.Брежнев, Ф.Козлов, Ш.Рашидов, Б.Пономарев компартия лидерининг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаганида Марказий  Қўмита бўлим мудири Юрий Андропов  “империалист душман”лар тарафини ёқлайди. Бир умр вазмин, босиқ бўлиб келган Шароф ака ўша дақиқада тутақиб кетади ва дарғазаб ҳолда ўрнидан туриб Марказий Қўмита бўлим мудирининг тепасига келади. Бу хатти-ҳаракати бошқаларни билмадигу компартия “олимп”ида ўз нуфузини мустаҳкамлаб келаётган Михаил Сусловга ёқмайди. Хўш, Суслов киму Андропов ким? Иккови ҳам атоқли партия арбоби Отто Куусиненнинг издошлари эди.

М.Суслов 1939–1944 йилларда ВКП(б) Оржоникидзе (ҳозирги Ставрополь) ўлка қўмитаси биринчи котиби эди. Йиллар ўтгач, унинг нигоҳи Ставрополнинг Нагутская станицасида туғилган Юрий Андроповга тушади. 1954 йили айнан Сусловнинг тавсияси билан Ю.Андропов СССРнинг Венгриядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси бўлиб тайинланади.

Шу ўринда бир воқеа: шўро элчиси венгер исёнчиларини шафқатсиз бостиришга бош қўшгани учун улар Ю.Андроповнинг ўғли Игорни гаровга олади. Шунда Гейдар Алиев бошлиқ махсус гуруҳ элчининг ўғлини муқаррар ўлимдан сақлаб қолади. Бунга жавобан Ю.Андропов давлат хавфсизлик қўмитаси раиси бўлганидан 41 кун ўтиб, Гейдар оғага Озарбайжон давлат хавфсизлик қўмитаси раиси, ўзи Бош котиб бўлганидан 12 кун ўтиб эса СССР Бош вазири ўринбосари лавозимини тортиқ қилади. (Шундан келиб чиқсак, Ш.Рашидов ҳаётининг сўнгги кунларида биродари унга Ю.Андроповнинг ҳақиқий муносабатини билдиргани ростга ўхшайди).

1967 йилнинг 10 май куни компартия “кардинали” ўз шогирдини СССР давлат хавфсизлик қўмитаси раиси қилиб тайинлашга эришади. Ўша кун, ўша соат, ўша дақиқадан бошлаб, Ю.Андропов беш йил аввал Ш.Рашидовга нисбатан бошлаган таъқибини давом эттиради. У 1969 йили 25 октябрда Алексей Бесчастновни, 1974 йилнинг 25 октябрида шогирди Эдуард Нордманни, 1978 йилнинг 2 мартида Левон Мелкумовни Ўзбекистонга юборади. 1978 йил 2 мартида Ш.Рашидов ёки унинг атрофидаги ориятли сафдошлари Нордманни “қопқон”га туширадилар. 1983 йил 24 августда Л.Мелкумовни СССР Гидрометереология қўмитасига жўнатадилар.

Лекин бу пайтгача Ю.Андропов асосий “устозлари”дан жудо бўлган яъни ҳукумат раиси А.Н.Косигин 1980 йилнинг 18 декабрида оламдан ўтган, 1982 йилнинг 25 январида М.Суслов, ўша йил 10 ноябрида Л.И.Брежнев вафот этган эди. Хуллас, устози М.Суслов билан бирга Ю.Андропов Қозоғистон лидери Динмуҳаммад Қунаев Сиёсий бюро аъзоси бўлганидан сўнг ўтган 12 йил давомида ҳам Ш.Рашидовни бу мақомга йўлатишмайди. Украинанинг кўп йиллик раҳбари П.Шелестнинг таъкидлашича, ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари ниҳоясида бу гап тор доирада муҳокама қилинганида М.Суслов ва Ю.Андропов қарши чиқади.

Ю.Андропов шўро тахтига чиққач, Ш.Рашидовдан ўч олишга киришади. У ўз кекини қўрғошин билан қорган эди. “Ўзбек иши” ёинки “Пахта иши” деб номланган бўҳтондан иборат жазо жараёнида 800 жиноят иши қўзғатилиб, 4 минг бегуноҳ одам қамоққа олинди. Бу суд орқали жазо олганлар, холос. Аслида “Ўзбек иши”  бир неча ўн минг юртдошимизнинг аччиқ қисматини қамраб олгани ҳақида атоқли юрист А.Полвонзоданинг чиқишларида батафсил ёритилди. Биз ўша тафсилотларни такрорлаш фикридан йироқмиз. Қолаверса, у тўла маънода “Пахта иши” эмас. Чунки дастлаб бу жиноят иши Бухоро вилоят ОБХСС бошлиғи А.Музаффаров ва савдо ходими Ш.Қудратовга нисбатан очилган эди. Ҳўкизнинг шохига урилганида туёғи зирқирайди, деганларидек айб А.Музаффаров ё Ш.Қудратовда эмас эди. Бу ҳужжатлар 1983 йилнинг январида Ю.Андропов Шароф акани ўз кабинетига чақириб, истеъфо талаб қилганида қўл келган эди. Ш.Рашидов сукут сақлаганидан кейин Бош котиб ҳузурига генерал Г.Каракозовни чақириб, “мурватни қаттиқ бураш”ни топширади. Натижада элнинг асл азаматлари А.Музаффаров ва В.Усмонов отиб ташланади. К.Эргашев, Г.Давидов, Р.Ғойибов ўз жонига қасд қилади. Ўзбекистон раҳбарлари, вилоятлар, туманлар раҳбарларидан катта қисми билан биргаликда ИИВнинг 6 генерали ҳибсга олинади.

1983 йилнинг 31 октябрида Ш.Рашидовнинг юраги уришдан тўхтади. 1983 йилнинг 28 декабрида бир умр уни ёқтирмаган Ю.Андропов Ш.Рашидов хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги қарорни имзолайди-ю, ҳужжатни матбуотга бердирмайди, унга ҳукумат раҳбари Н.Тихоновнинг имзосини қўшдиради. Ҳужжатни К.Черненкога бераётиб, Юрий Андропов неларнидир пичирлаганини ёрдамчиси Г.Шахназаров кўрган. Майли, гумон иймонли одамнинг иши эмас. Аммо 1984 йилнинг 23 июни биз, ўзбекистонликлар учун “қора кун” бўлганини катта авлод, шу жумладан, бизнинг авлод яхши билади. Айнан шу куни Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси XVI пленуми бўлиб, биринчи котиб И.Усмонхўжаев бутун дунёга Ўзбекистонда “қўшиб ёзиш, ашаддий талон-торож” авж олганини жар солиб, юзлаб, минглаб ҳамюртларимиз “ҳибсга олинди, уларнинг катта миқдордаги пули, қимматбаҳо буюмлари мусодара қилинди” деди (“Совет Ўзбекистони”, 1984 йил 26 июнь, 145-сон).

И.Усмонхўжаев ва КПСС Марказий Қўмитаси котиби Е.Лигачевнинг шафқатсизларча хулосаларига кўра, Ш.Рашидов сиймосига қора чаплаш компанияси бошланади. Ю.Андропов ишонган шогирдларидан бири М.Горбачевни Марказий Қўмитага ишга олган эди. У Бош котиб бўлганидан сўнг, аниқроғи, 1986 йилнинг 22 майида Ш.Рашидов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги қарорни субутсизларча бекор қилди. Аммо Шароф аканинг қабрига дастини чўзган қизил салтанат тез орада таназзулга йўл тутди.

Атоқли файласуф Гегель тарих халқларга сабоқ беришга ожизлик қилишига шама қилган эди. Аммо янги Ўзбекистон олис ва яқин ўтмишдан тегишли хулосалар чиқаришга қодир. Биз бугун рўйи замин сайқали Самарқанднинг табаррук тупроғида вояга етган, узоқ йиллар Ўзбекистон равнақи учун жон куйдирган, кези келганда Юрий Андроповдек қасоскор ҳукмдорнинг темир панжасига панжа урган, то сўнгги сониясигача унга бош эгмаган, тиз чўкмаган шер – Шароф Рашидовни эсладик. Унинг фаолиятига оид кенг жамоатчиликка унчалик маълум бўлмаган тафсилотлардан айримларини келтирдик.

Кишини яна бир савол ўйга толдиради: мабодо Шароф ака ҳар томонлама қудратли, ўзи кўзлаган энг юқори лавозимга даъвогарлардан Д.Полянский, К.Мазуров, Ф.Кулаков, П.Машеров, В.Гришин, Г.Романов, В.Шербицкийларни усталик билан “зинапоя”дан четлатган Ю.Андропов билан тортишиб қолмаганида нима бўларди? Тўғри, сиёсий мақоми бироз юқори даражада бўлиши мумкин эди. Аммо барибир у яна Осиё, Африка, Лотин Америкаси бирлиги учун курашган, Тошкентда адибларнинг, кинематографларнинг анжуманларини ўтказган, метро қурилишини рўёбга чиқарган, иқтисодиётни ривожлантирган, халқ ҳаётини янада яхшилаган бўлар эди. Шароф Рашидов ана шундай улкан салоҳиятга эга арбоб эди. Халқ қалбида айнан ана шу бетакрор сиймо бўлиб қолади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йилда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Шу ўринда бир таклифим бор: Шароф Рашидов ҳаётининг энг навқирон, энг қайноқ дамлари кўҳна ва гўзал Самарқандда ўтган, унинг ёниқ қалбли инсон, самимий ва сеҳрли сўз заргари, матбуот фидойиси, етук партия ходими, давлат арбоби сифатида айнан шу шаҳарда шаклланганини унутмаслик керак. Шунга кўра Самарқанд шаҳри марказидаги сўлим, серсоя, гўзал хиёбонлардан бирига Шароф Рашидов номи берилса, бу буюк сиймо хотирасига нисбатан тарихий адолат тикланган бўларди.

Янгибой Қўчқоров,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.