Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бош прокуратура Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокорининг ҳибсга олингани юзасидан расмий баёнот берди

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 10 август куни фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва “COVID-19” ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 2020 йил 1 августда Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилганлигини ва 2020 йил 2 августда унинг соғлиғи ёмонлашиб вафот этганлигини, шу сабабли айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, бемор Ф.Рустамовнинг соматик холати оғирлиги, унда нафас етишмовчилиги мавжудлиги ва реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамасдан юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокорининг кўрсатмаси билан ушбу бемор оғир аҳволда вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилган.

Шу билан бирга, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор “COVID-19” касаллигидан тўлиқ тузалганлиги ҳақида сохта маълумот киритилган.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбири давомида жами 250,8 миллион сўм бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланди.

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Г.Ю. бир неча маротаба терговга чақирилганлигига қарамасдан узрли сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмаган.

2020 йил 8 сентябрь куни шифохона бош шифокори Г.Ю. мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилди.

Айбланувчи Г.Ю. тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига киришлиги, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 2020 йил 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилди.

Тергов  ҳаракатлари  олиб  борилмоқда.