Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бош вазир қабулхонасига иштихонлик ишбилармонларнинг ишончи ортмоқда.

Иштихон туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси иштихонлик ишбилармонларнинг муаммоларига ечим топишга хизмат қилмоқда. Шу пайтга қадар қабулхонага тадбиркорлар томонидан 68 та мурожаатлар келиб тушган.  Уларнинг 55 таси ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. 11 та мурожаатлар юзасидан эса ижро жараёнлари олиб борилмоқда.

Жумладан, масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Dong stone progress” хорижий корхонасининг электр тармоқларига уланишида юзага келаётган муаммолар бўйича қилган мурожаати туман ҳокимлиги ва электр тармоқлари корхонаси билан ҳамкорликда ўрганилди ва бу муаммо 5 кун муддатда ўз ечимини топди.

Баъзида асоссиз ёки турли тушунмовчиликлар асосида ҳам мурожаатлар бўлиб туради. Бундай вақтда қабулхона ходимлари томонидан мурожаатчига амалдаги қонунчилик асосида тушунчалар берилади. Шу вақтга қадар бу шаклдаги мурожаатларнинг иккитаси ўрганиб чиқилиб, йўл-йўриқ кўрсатилиб, зарур тушунчалар  берилди.

Ҳозирда қабулхона қошида “business.gov.uz” ягона интерактив портали фаолият кўрсатмоқда. Порталда мурожаатлар ва уларнинг ҳал этилиш саналари ҳамда ҳолати акс эттириб борилади. Бу муаммонинг ҳал этилишида қабулхона томонидан назорат олиб боришнинг самарадорлигини оширишда катта аҳамиятга эга.

Амалга оширилаётган бу каби ишлар туман аҳолиси ва тадбиркорлари фаолиятида ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда.

Отабек Шарафов.