Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бозорда тартиб бўладими?

Бозорлар аҳоли кайфиятини, турмуш фаровонлигини кўрсатувчи маскан. Бу ердаги савдо маданияти, тозалик ва тартиб байрам арафасида аҳоли кайфиятини белгилайди. Аммо ҳамма бозорларда ҳам тозаликка риоя қилинадими, сотилаётган маҳсулотлар санитария талабларига жавоб берадими? Шу саволларга жавоб излаб Каттақўрғон тумани “Пайшанба деҳқон бозори”да бўлдик.

2 гектардан ортиқ майдонда жойлашган бозорда 500 та савдо ўрни бор, 2 та ветеринария лабораторияси ташкил этилган.

- 2019 йилда ўз маблағимиз ҳисобидан 80 та савдо ўрнига эга бўлган қўшимча раста қурдик, - дейди жамият раиси Ғофур Муродов. – Бозор ҳудудидаги барча йўлакларни бетонлаштирдик. Ҳозирда тадбиркорларнинг ўз маблағи ҳисобидан 30 та дўкон қуриляпти.

Бу ерда бошқа бозорларга қараганда, тартиб кўзга ташланади, йўлаклар чанг ва лойдан холи, шовқин-сурон деярли йўқ. Аммо бозорнинг асосий кириш қисмидаги хоналар тартибсиз, автомашиналар учун тураргоҳ йўқлиги сабабли бозор олдида тирбандлик кузатилади. Бозорда растадан ташқари, ерда савдо қилувчилар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг чиқиндиларини йўлакка ташлаш ҳолатлари ҳам киши таъбини хира қилади. 15-20 нафар қассоб гўшт сотаркан. Уларнинг айтишича, бозорга гўшт келтирган қассоб биринчи куни 19 минг сўм, агар гўштни сота олмаса эртаси куни 10 минг сўмдан чек беради. Лекин бирорта гўшт растасида 10 минг сўмлик чекни кўрмадик. Бозорда 30 та гўшт растаси бўлса-да, очиқ ҳолда гўшт сотаётган сотувчилар ҳам бор.

Сотувчилар санитария қоидаларига амал қилмасдан савдо қилишмоқда. Бозорда сотилаётган зиғир ёғининг сифати эса ҳеч қандай текширувдан ўтказилмаган. Маҳсулотлар учун алоҳида расталар тайёрланган бўлса-да, бозорда маҳсулотларнинг аксарияти аралаш ҳолда сотилмоқда. Қандолат маҳсулотлари, ширинликлар ҳам очиқ ҳолда савдога қўйилган.

Сотувчи 10 минг тўлайди, паттачи эса 5 минг сўмга чек беради

Сотувчилар кунлик савдо учун 10 минг сўмдан тўлашларини айтишди. Аммо уларга 5 минг сўмлик чек берилган. Қолгани...

Бозор ҳудудидаги 4 та ошхонани кузатдик. Ошхоналарда хавфсизлик талабларига амал қилинмайди, ошпазлар санитария талабларига зид равишда таом тайёрлашяпти. Умуман, овқат тайёрлаб сотиш талаблари бузилган.

- Бизнинг асосий вазифамиз сотувчини жой билан таъминлаш, - дейди бозор раҳбари. – Туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳар куни бозорга келиб, тозалик бўйича иш олиб боришмоқда.

Бозор тўкин-сочинликни намоён этиш билан бирга аҳоли савдо истеъмол маданиятини кўрсатувчи маскан ҳамдир. Раҳбар айтганидек, бозорга ҳар куни санитария ходими келаётган бўлиши мумкин. Аммо тозалик бўлмаса, саломатликка хавфли маҳсулот сотилаверса, бундай ходимларнинг келишидан нима наф?

Деҳқонободнинг деҳқон бозори қачон обод бўлади?

Ургут тумани Деҳқонобод маҳалласидаги бозорда реконструкция ишлари бошланганига қарийб бир йил бўлди. Аммо ҳали бу ишлар охирига етмаган. Автомобиллар турар жойи йўқлиги сабаб ҳайдовчилар машиналарини дуч келган жойга қўйиб кетавериши бозор ёнидаги катта кўчада тирбандликни вужудга келтирмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётган жойлар санитария талабларига жавоб бермайди. Ҳудудда ободонлаштириш ишлари яхши йўлга қўйилмаганини бурчак-бурчакларда чиқиндилар йиғилиб ётганидан ҳам билса бўлади. Бозор ҳудуди ва унинг атрофида умумий овқатланиш жойлари (уларни ошхона, деб бўлмайди) ачинарли аҳволда.

- Бозор маъмурияти икки хонадан иборат кўримсиз бинода фаолият юритарди, - дейди “Деҳқонобод бозори” масъулияти чекланган жамияти раиси Жамшид Эргашев. – Ҳозирги пайтда 6 хонадан иборат замонавий бино қурилди. Ветеринария ва санитария экспертиза лабораторияси учун алоҳида хона ажратилган. Катта савдо айвони қурилди. Тадбиркорлар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган эски 56 та дўкон бузилиб, ўрнига шу пайтга қадар 15 та икки қаватли дўконлар бунёд этилди. Мол бозор учун 2 та айвон ташкил этилди, атрофи девор билан ўралди. Бу қурилиш-таъмирлаш ишларига 210 миллион сўм маблағ сарфланди.

Реконструкция ишлари давом этаётгани учун айни пайтда бозоримиз тартибсиз аҳволда. 2021 йилгача бу ишлар якунига етказилиши кўзда тутилган. Натижада 750 савдо ўрнига эга бўлган кўркам бозор вужудга келади.

Бозордаги янги бинода жойлашган лаборатория шароитлари билан танишолмадик. Мудир Зайнобиддин Муродуллаев бозор ҳудудида юрган бўлса-да, лабораториянинг эшигини очишни истамади. Сабабини сўраганимизда у гоҳ калити уйида қолганини, гоҳ кимдир машинасининг калитига қўшиб олиб кетганини, кейинроқ тушириб қўйганини айтди. Хуллас, турли баҳоналар билан лаборатория эшигини очмади. Айнан шу эшикка жуда яқин, санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган жойда калла-поча сотилиши, хароба аҳволдаги бинода хўрандалар овқатланаётганини, савдо расталарига яқин жойда итлар юрганини нима билан изоҳлаш мумкин?

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Тўлқин СИДДИҚОВ.