Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бу очиқчасига “ҳурмат қилсанг, бошга чиқади” дегани эмасми?

Биз уларни доим “катта авлод вакиллари” сифатида эъзозлардик. Кексайганда ҳеч кимни йўлдан оздирмасин, эл назаридан қолдирмасин экан.

Бир гуруҳ  “ўзбек”  зиёлиларининг антиқа таклифидан бугун бутун бошли ижтимоий тармоқлар “ёниб ётибди!” Эссиз, шунча обрў, иззат-ҳурмат! Биз ҳамиша эҳтиром кўрсатган, ҳавас қилган “миллатимизнинг ишонган тоғлари” бу билан нимани исбот қилмоқчи бўлгани, нимани соғинаётгани ҳар бир кишига маълум.

Аммо ортга йўл йўқлигини бу “ақл пешво”лари билмайди,  десангиз ҳам адашасиз!

Бу шунчаки ҳуружми?

Нега бу таклиф айнан Россия ташқи ишлар вазирининг юртимизга ташрифи арафасида амалга оширилди?

130 дан зиёд миллат ва элатлар аҳил яшаётган юртимизда тинчликка раҳна солиш яна кимга керак бўлиб қолди?

Руслар бизда камситилганлигини ким кўрибди, ким эшитибди?

Аксинча, улар ҳамиша ҳурмат-иззатда-ку!

300 миллион аҳоли сўзлашадиган рус тилининг ташвиши уларга қолибдими?

Бу тил аксарият ташкилот-корхоналарда  давлат тили билан деярли бир мақомда, газета-журналларимиз иккита алфавитда чиқиб ётган бўлса?

Саволлар кўп...

Самарқандликмиз, бу кўҳна ва қадим шаҳарда хоҳ иш жараёнида бўлсин, хоҳ  кўчада уч тилда  (ўзбек, рус, тожик) мулоқот олиб борилади. Ҳуқуқий ташкилотда ишлаганимиз боис, тарғибот тадбирларида ёки ҳуқуқий маслаҳатхонамизга аҳолидан гоҳида рус тилида мурожаатлар бўлади. Амалдаги қонун талабларига кўра, мурожаат қайси тилда бўлса, ўша тилда жавоб қайтарилиши керак. Биз албатта шундай қиламиз. Яқингинада бир ташкилотда ҳуқуқий тарғибот тадбирини ўтказишга тўғри келганди. Ташкилот раҳбари  жамоасида рус тилида сўзловчилар кўп бўлгани учун  тадбирни рус тилида ўтказишни илтимос қилди. Нима ҳам қила олардик!

Ўйлаб қоласан, киши. Қонунларимизда бағрикенгликни чеклаб, бироз қатъийлашиш пайти келди, шекилли. Ўзбекистонда яшаяпсанми, марҳамат қилиб ўзбек тилини ўрган! 

Нега бизни ҳамиша “руслашишга”  мажбурлашади, илтимос қилишади,  сўрашади!

Нега уларга қатъий “ЙЎҚ!”  деб айтолмаймиз.

Бу очиқчасига “ҳурмат қилсанг, бошга чиқади” деганимасми?

Яқин тарихдан маълумки, она тилимизга давлат тили мақоми берилиши учун қанча машаққатлар чекилган. Бу машаққатлар мустақиллик сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди, деб  айтиш мумкин. Ўзлигини ўзга юртлардан қидираётганлар бу хатти-ҳаракатлари билан миллатимизнинг ҳақиқий фидойилари, зиёлиларини бир мақсад йўлида янада жипслашишга ундади, десак хато эмас!

Таҳдидлар эса, ҳамиша бўлган ва бўлаверади!

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя

қилиш жамиятлари вилоят

бирлашмаси бўлим бошлиғи.