Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бу йил олий таълим муассасаларига тест синовларини топширишда ўзгариш бўлиши мумкин

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди, бу ҳақда xs.uz сайти хабар бермоқда.

Ҳужжатга кўра:

2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб:

  • амалдаги тартибни ўзгартирган ҳолда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини июль-август ойларида ўтказиш;
  • энг юқори баллнинг 30 фоизи ва ундан юқори баллни тўплаган абитуриентларга фанлар бўйича тест синовлари натижалари акс этган, 3 йил муддатга амал қиладиган сертификат бериш ҳамда уларга учтагача таълим йўналишида танловда иштирок этиши учун имконият яратиш;
  •  

2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб:

  • тест фанлари мажмуасини икки бўлимга ажратиб, 1-бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий 3 та фан – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш;
  • ёшларнинг она тили бўйича саводхонлигини ошириш ва аниқлаш мақсадида ёзиш кўникмаларини баҳолаш учун “Ўзбек тили”, “Рус тили”, “Қорақалпоқ тили” фанлари бўйича алоҳида синовларни ташкил этиш.

Шунингдек:

  • абитуриентларнинг тест синовлари ва танловда иштирок этиши учун Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтказиш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади;
  • олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорида йиғим ундирилади. Жорий йил битирувчилари учун тест синовлари бепул асосда ўтказилади;
  • тест ўтказилган куннинг эртасига абитуриентнинг фанлар бўйича тест синовидан умумий тўплаган баллари Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
  • абитуриентнинг синов натижаси бўйича олган бали тавсия этишга етарли бўлган олий таълим муассасаси (таълим йўналиши)да ўқиш имконияти яратилади;
  • ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги тест топшириқлари фақат лотин алифбосида тайёрланади.