Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун энергетиклар куни: Хонадонларимиз доимо нурга тўлсин

Ваҳоланки, бозордан оддийгина бир буюм олинг, у сизга уловидан тушови қиммат тушиши аниқ, тағин асабийлашиш... Электрга эса бир борагина сим тортиб қўйсангиз бас, ўзи сувдай оқиб келаверади: хоҳласангиз ёқасиз, хоҳламасангиз ўчирасиз.

Бугунги глобаллашув жараёнида инсон ақл-заковати билан яратилган бу неъматга бўлган эҳтиёж янада ортмоқда. Шунинг учун вилоятимиз нурчилари аҳоли, тадбиркорларнинг бу эҳтиёжини таъминлаш учун имкон қадар хизмат қилмоқда.

Жумладан, жорий йилда Самарқанд вилоятида 856 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 139 та трансформатор пунктларини янгилаш, модернизация ва реконструкция қилиш белгиланган эди. Амалда бу муҳим ишлар деярли уддаланди. Шу давр мобайнида электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш юмушлари олиб борилди. Бу ишлар учун 4,9 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Вилоятда ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолига етказиб берилаётган электр таъминотини янада яхшилаш мақсадида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзон уй-жойларни электр энергияси билан таъминлаш учун 28,2 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи, 47 та трансформатор пунктлари ўрнатилди. Қўшимча равишда арзон уй-жойлар қуриладиган 711 та қишлоқ массивларини электр энергияси билан таъминлаш учун техник-ташкилий ишлар олиб борилди.

«Ургут» эркин иқтисодий зонасининг Ургут, Нуробод ва Паст Дарғом туманларидаги массивларида саноат истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлаш чоралари кўрилди. Янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини изчил ривожлантириш мақсадида юклама билан ишлаётган трансформаторлар катта қувватлиларига алмаштирилди. 17 та кичик саноат зоналарида ҳам бу борадаги ишлар сифатли адо этилди. Ҳозирга қадар бу манзилларда 5,35 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи, 17 та трансформатор пункти барпо қилинди.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари юзасидан туман ва шаҳарлардаги 33 маҳаллада тармоқларнинг самарали ишлашини таъминлаш юзасидан мукаммал юмушлар олиб борилди. Бундай ишлар натижасида вилоятда қўшимча қувват захираси яратилди, юқори кучланишли электр тармоқларининг ишлаш сифати яхшиланди. Маҳалла ва қишлоқлардаги истеъмолчилар ва ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси таъминоти мустаҳкамланди.

Шуларни ҳисобга олиб, бугун электр қадрига етиш муҳим эканини эслатмоқчимиз. Бунинг учун аввало, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланмайлик, тежайлик, қўни-қўшни, ошна-оғайниларнинг ҳам бу борадаги хатти-ҳаракатларини кузатайлик. Улар етказган зиён ўзимизга тегишини тушунсак, юз-хотирлик қилмасак ва албатта, фойдаланган электр энергияси тўловини амалга ошириб қўйсак, бу беминнат нурнинг қадрига етган бўлардик.

Гулзуҳра САЙДУЛЛАЕВА,

«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси матбуот котиби.