Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун (1954-2001)

Очиғи, Муҳаммад Юсуфни билмаган, шеърларини ёд олмаган киши бўлмаса керак.

Севикли шоиримиз 1954 йил 26 апрелда Андижон вилояти Марҳамат туманининг Қовунчи қишлоғида туғилган.

Ўрта мактабдан сўнг Рус тили ва адабиёти институтига кириб, уни 1978 йили тамомлаган. Дастлаб республика Китобсеварлар жамиятида, кейинчалик - 1980-1986 йилларда “Тошкент оқшоми” газетасида, 1986-1992 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетасида ишлаган. Умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби вазифасини бажарган.

Муҳаммад Юсуф ўнга яқин шеърий тўпламлар, кўплаб қўшиқлар муаллифи сифатида кўпчилик қалбидан жой олган. Унинг “Таниш тераклар”, “Булбулга бир гапим бор”, “Илтижо” , “Уйқудаги қиз”, “Ҳалима энам аллалари”, “Ишқ кемаси”, “Кўнглимда бир ёр”, “Бевафо кўп экан”, “Эрка кийик”, “Ёлғончи ёр” каби шеърий тўпламлари, сайланмалари нашр этилган.

1998 йилда Муҳаммад Юсуфга “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак унвон берилган.

2001 йилда 47 ёшида оламдан ўтган.

Муҳаммад Юсуф шеърлари халқимиз юрагидан муносиб ўрин топган. Унинг шеърлари етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган шеърхонлар тилидан тушмайди, дилларида акс-садо беради.

***

Иқрор

О, ота маконим, онажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.

Сендай меҳрибон йўқ, сенингдек кўркам,

Римни алишмасман бедапоянгта.

 

Бир гўша сув бўлса, бир гўша қирлар,

Қанча юртни кўрдим, қанча тақдирлар.

Қайга борсам суяб, бошни тик тут деб,

Тоғларинг ортимдан эргашиб юрар.

 

Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин.

Ё худбинман мен ё бир содда касман мен –

Парижнинг энг гўзал ресторанларин,

Битта тандирингга алишмасман мен.

 

На гапга кўнайин, на тил билайин,

Кўздан уйқу қочди, дилдан ҳаловат —

Уч кунда соғинсам нима қилайин,

Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.

 

Билдимки, баридан улуғим ўзинг,

Билдимки, яқини шу тупроқ менга.

Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,

Араб оҳусидан азизроқ менга.

 

Сен билан ўтган ҳар кун байрам — базм,

Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.

Сени билганларга қиламан таъзим,

Сени билмасларга раҳмим келади.

 

* * *

Маъюс куним кўзим тушса,

Куяр осмон, тушунмайсан.

Мени само тушунгайдир,

Сен, эй инсон, тушунмайсан.

 

Куйиб кўксим ўтар бўлсам,

Оқар бўлсам, кетар бўлсам,

Мени дарё тушунгайдир,

Сен, эй уммон, тушунмайсан.

 

Мен ҳам шайдо, мен ҳам мафтун,

Мен ҳам ҳеч кими йўқ Мажнун,

Мени лайло тушунгайдир,

Сен, эй жонон, тушунмайсан.

 

Менинг йўлим узун армон,

Ўзим довон, ўзим карвон,

Мени саҳро тушунгайдир,

Сен, эй сарбон, тушунмайсан.

 

Менинг борим эрур кўнглим,

Менинг ёрим эрур кўнглим,

Маъюс танҳо тушунгайдир,

Сен, эй хандон, тушунмайсан…

 

Маъюс куним кўзим тушса,

Куяр осмон, тушунмайсан.

Мени Аллоҳ тушунгайдир,

Сен, эй хоқон, тушунмайсан.

 

Кўнглим гул, кўзларим гулдир,

Юзим гул, қўлларим гулдир.

Мени сабо тушунгайдир,

Сен, эй тўзон, тушунмайсан…

 

Ғуборимдир бўйи райҳон,

Миноримдир тилим бийрон.

Мени дунё тушунгайдир,

Сен, эй нодон, тушунмайсан.